Экология инспекторининг ёқасидан олган ҳоким ўринбосарига суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image

2025 йилнинг ноябрь ойида Фарғона вилоятининг Бувайда туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Аҳроржон Ниёзовга туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров куч ишлатиб, орган ходимлари ёрдамида туман Ички ишлар бўлимига олиб кетганди. Ҳоким ўринбосари мазкур иши учун жиноий жавобгарликка тортилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Жорий йилнинг 5 май куни Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судида ушбу иш кўриб чиқилган. Суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15-16 апрель кунлари Андижон вилоятига ташрифи вақтида Бувайда туманидаги катта йўл бўйидаги очиқ коллектор тармоқларини ёпиқ дренаж тармоқларига ўтказиш орқали ҳосил бўладиган ер участкаларига замонавий савдо ва сервис объектларини ташкил этиш тўғрисида топшириқ берилган. Ушбу топшириқ ижроси юзасидан Саидали Хизиров 2025 йил 19 майда Фарғона вилояти ҳокими томонидан қабул қилинган қарорга асосан тумандаги “Найман” хўжаликлараро коллекторнинг жами 800 метр ҳудудидаги очиқ зовурни ёпиқ зовурга айлантириш мақсадида тегишли МЧЖга техник хулоса бериш учун 2025 йил 17 сентябрда Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси бошлиғи А.Абдураҳимовга тавсия хати киритган.

Шунга кўра, Саидали Хизиров 2025 йил 25 ноябрь куни соат 12:00 ларда 2025 йил 14 октябрда Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси томонидан чиқиш хатига асосан МЧЖга Бувайда туманида, “Найман” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Найман” коллекторининг жами 800 метр ҳудудида очиқ зовурни ёпиқ ётиқ зовурга айлантириб, ҳосил бўлган ер майдонида мукаммал қурилиш қилмаслик шарти асосида туман мелиорация бўлими билан шартнома тузган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини юритиши белгиланган. Шунингдек, коллектор ён бағридаги мавжуд турли ёшдаги дарахтларни кесиш ёки бошқа жойга кўчиришга маҳаллий экология бошқармаларидан рухсатнома ва техник шарт олиши тавсия этилган. Саидали Хизиров шуни билган бўлса-да, бунга бефарқ бўлиб, мансаб ваколати доирасидан қасддан четга чиққан ҳолда, зовур атрофидаги 104 туп тол дарахти МЧЖ томонидан кесилаётганлигига ҳудуд аҳолиси томонидан қаршилик қилинаётгандан хабар топиб, ишчининг қўлидаги моторли аррани олиб қўймоқчи бўлаётган Экология ва атрофни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Бувайда туман бўлими инспекторининг қонуний ҳаракатларини қатъий равишда чеклашга ҳаракат қилган. Хусусан, унинг фаолиятига қаршилик кўрсатиб, зовур қирғоғидаги мавжуд дарахтларни кесиш учун жамият томонидан тегишли рухсатнома олинмаганлигини билган бўлса-да, инспекторнинг эгнидаги курткаси ёқасидан тортиб, унинг хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган ва енгил жароҳати етказган. Бундн ташқари, 104 туп манзарали тол дарахтини кестириб юбориб, ўсимлик дунёсига умумий миқдорда 171 млн сўмлик зарар етказган.

Шу тариқа, Саидали Хизиров Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айбли деб топилган. Унга нисбатан 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари (61 миллион 800 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган. Мазкур иш доирасидаги МЧЖ раҳбари эса, Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан айбли деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (41 миллион 200 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Жабрланувчи судланувчиларга нисбатан оғирроқ жазо тайинлашни сўраб, апелляция шикояти киритган. Аммо жорий йилнинг 3 июнь кунги Фарғона вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясининг ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Экология Бувайда Саидали Хизиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг