Германия ва Франция қирувчи самолёт бўйича қўшма лойиҳадан воз кечди
Олам
−
09 Июнь 1625 2 дақиқа
Берлин ва Париж Европанинг энг йирик мудофаа дастурларидан бири ҳисобланган янги авлод қирувчи самолётини яратиш лойиҳасини тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Германия канцлери Фридрих Мерц ва Франция Президенти Эммануэль Макрон ўтган ҳафта бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Ғарбий Болқон саммити доирасида ушбу масалани муҳокама қилган. Томонлар лойиҳа иштирокчилари ўртасидаги узоқ давом этган келишмовчиликларни бартараф этишнинг имкони йўқ деган хулосага келган. Шундан сўнг Мерц Макронга қирувчи самолёт яратиш ташаббусини давом эттирмасликни тавсия қилган.
Франция Президенти маъмурияти Airbus ва Dassault Aviation ўртасида келишувга эришилмаганидан афсусда эканини билдирган. Томонлар ўртасидаги асосий баҳслар лойиҳа устидан назорат, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳамда самолётнинг техник талаблари билан боғлиқ бўлган.
Маълумот учун, тахминан 100 миллиард еврога баҳоланган дастур 2017 йилда Макрон ва Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель ташаббуси билан бошланган. У олтинчи авлод қирувчи самолёти, унга ҳамроҳлик қилувчи дронлар ва “жанговар булут” тизимини яратишни назарда тутган.
Манбаларга кўра, лойиҳа доирасидаги айрим технологиялар устидаги ишлар давом этиши мумкин. Бироқ янги қирувчи самолётни яратишга қаратилган асосий дастур амалда якунланган. Таҳлилчилар бу ҳолат Европанинг йирик мудофаа лойиҳаларини биргаликда амалга оширишда ҳануз жиддий қийинчиликларга дуч келаётганини кўрсатишини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Буюк Британия ва Германия томонидан ишлаб чиқилаётган узоқ масофали ракеталар дастурига қўшилиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу лойиҳа 2024 йилда Британия ва Германия ўртасидаги мудофаа келишуви доирасида бошланган бўлиб, 2000 километрдан ортиқ масофага учувчи ракеталар оиласини ишлаб чиқишни назарда тутади. Бу ракеталар душман ҳудудининг чуқур қисмидаги нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган.
Live
Барчаси