Исроилда фаластинлик маҳбусларни қатл қилишга рухсат берувчи қонун кучга кирди
Олам
−
18 Май 2054 2 дақиқа
Исроилда “террорчилар” учун ўлим жазоси тўғрисидаги қонун қўлланила бошланди. Тегишли тузатишни мамлакат Марказий ҳарбий округи қўмондони имзолади.
Қайд этилишича, Исроил илгари мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган террорчилар учун ўлим жазоси тўғрисидаги қонунни расман амалиётга жорий этишни бошлаган.
Исроил Мудофаа вазирлигига кўра, Марказий ҳарбий округ қўмондони генерал-майор Ави Блот Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги хавфсизлик чоралари тўғрисидаги фармонга киритилган тузатишни имзолаган. Ушбу ҳужжат янги қонун қоидаларини амалиётда қўллаш имконини беради.
Ушбу қарор Мудофаа вазири Исраэль Кацнинг кўрсатмасига биноан қабул қилинди. Вазирлик сиёсатнинг бундай ўзгариши Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати томонидан 2023 йил 7 октябрда содир этилган ҳужумга нисбатан жавоб реакцияси бўлганини билдирган.
Қонун матнига кўра, “Исроил давлати мавжудлигини инкор этиш” мақсадида террорчилик ҳаракатини содир этган шахсларга нисбатан ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин. Шу билан бирга, ҳужжатдаги ифодалардан келиб чиқилса, Ғарбий Соҳилда қонуннинг амал қилиши Исроил фуқаролари ва Исроил резидентлик мақомига эга бўлган шахсларга, катта эҳтимол билан, татбиқ этилмайди.
Гап Яҳудия ва Самария ҳудуди ҳақида бормоқда – Исроилда Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили айнан шундай номланади.
Эслатиб ўтамиз, террорчилар учун ўлим жазоси тўғрисидаги қонун Кнессет (Исроил парламенти) томонидан март ойида қабул қилинган эди. Бироқ ушбу ҳужжат Исроилнинг ўзида ҳам, унинг ташқарисида ҳам катта акс-садо берди. Танқидчилар қонундаги мавҳум ифодалар туфайли уни камситувчи (дискриминацион) деб атади.
Live
Барчаси