Ўзбекистонда жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтказилади
Жамият
−
07 Май 3235 2 дақиқа
Ўзбекистонда шаҳар жамоат транспорти ягона агломерация тизими асосида ривожлантрилади. Бу ҳақда бугун, 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган ҳудудларда жамоат транспортини янада яхшилаш ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, охирги уч йилда пойтахт ва вилоят марказларига 2 минг 650 та замонавий электробус ва автобуслар олиб келинган. Брутто-шартнома асосида 279 та мунтазам йўналиш йўлга қўйилган. Натижада ҳар куни йўналишга чиқаётган автобуслар сони 3 минг 150 тага етган. Кунлик қатновлар сони 2022 йилдаги 18 мингтадан 45,2 мингтага, йўловчилар оқими эса 900 минг нафардан 2,3 миллион нафарга ошган. Шу орқали 4,8 мингта янги иш ўрни яратилган.
Тақдимотда жамоат транспортини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар кўриб чиқилган. Урбанизация жараёнлари тезлашаётгани, пойтахт ва вилоят марказларига туташ ҳудудларда аҳоли ҳаракати кескин кўпайгани сабабли шаҳарларга киришда қатновлар 30 фоизга ошгани қайд этилган.
Шу муносабат билан шаҳар жамоат транспортини ягона агломерация тизимига ўтказиш таклиф қилинган. Бунда шаҳарлар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларга қатнайдиган автобус йўналишлари ҳам брутто-шартнома тизими билан қамраб олинади.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Назарбек, Минерал сувлар ва Уч Қаҳрамон ҳудудларини пойтахт билан боғлаш орқали автомобиллар оқимини камида 20 фоизга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Умуман, пойтахтда 19 та, вилоят марказларида 79 та шундай йўналиш ташкил этиш режалаштирилган.
Пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларини ўзаро боғлаш мақсадида “электропоезд – автобус”, “электропоезд – метро” каби қулай тарифларни жорий этиш таклиф қилинган.
Қолаверса, вилоят марказларида жамоат транспорти ҳаракат таркибини янгилаш зарурлиги таъкидланган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудларда яна 1,5 мингта катта ва ўрта сиғимли автобусларга эҳтиёж бор. Шу боис, замонавий автобуслар олиб келишни рағбатлантириш, тадбиркорлар учун молиявий имкониятларни кенгайтириш, кредит линияларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилган. Жумладан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида автобусларни импорт қилишда утилизация йиғимидан озод қилиш муддатини яна 2 йилга узайтириш таклиф қилинган.
Live
Барчаси