АҚШ ва Эрон келишувга яқинлашиши фонида нефть нархи пастлади

Олам

image

Жаҳон бозорларида нефть нархи кескин пасайди ва акциялар қиймати ошди. Бунга АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан келишувга эришиш йўлида ижобий натижалар борлигини маълум қилгани сабаб бўлган. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар қилди.

Трамп ўзининг “Project Freedom” операцияси доирасида Ҳормуз бўғози орқали кема кузатувини қисқа муддатга тўхтатишини айтган. Мазкур бўғоз орқали жаҳон нефть таъминотининг қарийб бешдан бир қисми ўтади. Эрон февраль охиридан бери ушбу йўлни тўсиб қўйгани глобал энергетика инқирозига сабаб бўлган эди.

АҚШ раҳбари операцияни қисқа муддатга тўхтатишини, бу вақт ичида Теҳрон билан якуний келишувни расмийлаштиришни режалаштираётганини билдирган. Шу билан бирга, Эрон портларига нисбатан жорий этилган блокада сақланиб қолишини қўшимча қилган.

Бу хабарлар ортидан Brent нефти нархи кескин тушди. Ҳафта бошида Яқин Шарқдаги ҳужумлар фонида 6 фоизгача ўсган нарх 9 фоизга пасайиб, баррели 100 доллардан бироз юқори даражага тушган. Аввалроқ эса нарх 126 долларгача кўтарилиб, 2022 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етган эди.

Нашрнинг ёзишича, Оқ уй Эрон билан урушни тугатишга қаратилган қисқа меморандум бўйича келишувга яқин қолган ва томонлар кенг қамровли ядровий музокаралар учун асос яратишга тайёр. Бу ўзгаришлар фонд бозорларига ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Буюк Британиянинг FTSE 100 индекси 2 фоизга ошган, Франциянинг CAC 40 ва Германиянинг DAX индекслари эса тахминан 2,7 фоизга кўтарилган.

Жаҳон бозорларини қамраб олувчи MSCI индекси ҳам янги рекордга чиқди. Осиё-Тинч океани минтақасидаги акциялар индекси 2,8 фоизга ўсди. Айниқса, Жанубий Кореянинг KOSPI индекси 6,6 фоизга ошиб, илк бор 7000 пунктдан кўтарилди. Бу вазиятлар фонида Samsung Electronics акциялари 14,8 фоизга қимматлашиб, компания қиймати 1 триллион доллардан ошган.

Облигациялар бозорида эса Буюк Британиянинг узоқ муддатли давлат қарзлари бўйича даромадлилиги бироз пасайган. 30 йиллик облигациялар бўйича кўрсаткич 5,68 фоизга тушган. Хавфсиз актив сифатида қараладиган олтин нархи эса қарийб 2,5 фоизга ошиб, унцияси 4667 долларга етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ расмийлари Эрон билан ўзаро келишув меморандумини имзолашга яқин эканликлари ҳақида хабар қилинган эди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Эрон нефть

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг