АҚШ ва Эрон урушни тўхтатиш бўйича келишувга яқин – ОАВ

Олам

image

АҚШ расмийлари Эрон билан бир саҳифалик ўзаро англашув меморандумини имзолашга яқин эканликларига ишонмоқда. Ушбу ҳужжат ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиши ва “ядровий масала бўйича янада батафсил музокаралар” учун асос бўлиши керак. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Axios” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ яқин 48 соат ичида бир нечта асосий бандлар бўйича Эроннинг жавобини кутмоқда. Портал маълумотларига кўра, “ҳозирча ҳеч нарса келишиб олинмаган”, бироқ манбалар бу ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери “келишувга энг яқин келинган лаҳза” эканини таъкидламоқда. “Axios” нашрининг аниқлик киритишича, АҚШ Эрон раҳбариятида ихтилоф бор деб ҳисоблайди ва турли фракциялар ўртасида консенсусга эришиш қийин кечиши мумкин. Исми ошкор этилмаган икки мулозимнинг сўзларига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг кеча Ҳормуз бўғозидаги “Озодлик лойиҳаси” (Project Freedom) операциясини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори “музокаралардаги илгарилашга асосланган”.

Меморандум 14 та банддан иборат. Уларнинг орасида қуйидагилар бор:

  • Минтақада урушни тўхтатиш ва иккала давлат томонидан Ҳормуз бўғозини очиш тўғрисидаги батафсил келишув бўйича 30 кунлик музокаралар даврини бошлаш;
  • Эроннинг уранни бойитишга мораторий жорий этиш мажбурияти (12 йиллик муддат муҳокама қилинмоқда);
  • Юқори даражада бойитилган уранни Эрондан олиб чиқиб кетиш (уни АҚШга топшириш варианти кўриб чиқилмоқда);
  • Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиш интилишидан воз кечиши, шунингдек, ерости ядровий объектларидан фойдаланишни тўхтатиш;
  • АҚШнинг санкцияларни бекор қилиш ва Эроннинг музлатиб қўйилган миллиардлаб долларлик маблағларини очиб беришга розилиги;
  • Эроннинг мамлакатда текширувлар ўтказилишига розилиги.

АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер бир неча Эрон расмийлари билан меморандумни муҳокама қилмоқда. “Axios” ёзишича, музокаралар “ҳам бевосита, ҳам воситачилар орқали” бўлиб ўтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет АҚШ ва Эрон ўртасидаги вақтинчалик сулҳ ҳали ҳам сақланиб турганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп келишув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг