Озарбайжон парламенти Европа парламенти билан муносабатларни тўлиқ тўхтатди
Олам
−
02 Май 2713 2 дақиқа
Кеча, 1 май куни Озарбайжон парламенти – Миллий Мажлис Европа парламенти билан муносабатларни тўлиқ тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда “Azertac” хабар берди.
Баку расмийларига кўра, бунга сабаб Европа парламентининг “анти-Озарбайжон фаолияти” ҳамда конструктив мулоқотнинг йўқлигидир. Озарбайжон томонининг фикрича, Европа парламенти деструктив позиция (вазиятни яхшилаш ўрнига ёмонлаштиради) тутмоқда, халқаро ҳуқуқ нормаларини эътиборсиз қолдирмоқда ва қарийб 30 йил давом этган ҳудудлар оккупацияси, вайронагарчиликлар ҳамда бир миллиондан ортиқ мажбурий кўчирилган шахслар тақдирига бефарқ бўлган.
Шунингдек, Европа Иттифоқи – Озарбайжон қўмитаси ва Евронест Парламент Ассамблеяси каби ҳамкорлик форматлари мамлакат ички ишларига босим ва аралашув воситаси сифатида ишлатилгани таъкидланган.
Европа парламенти – бу Европа Иттифоқининг асосий ташкилотларидан бири бўлиб, у ерда турли давлатлардан сайланган депутатлар ишлайди. Улар қонунлар қабул қилади, муҳим қарорлар чиқаради ва Европа Иттифоқи сиёсатини шакллантиришда қатнашади.
Озарбайжон бу парламент билан алоқани шунчаки мулоқот ва ҳамкорлик учун олиб борган. Масалан, сиёсий мулоқотлар қилиш, иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш, савдо ва энергетика бўйича келишувлар тузиш учун.
Шунингдек, бу алоқалар орқали икки томон бир-бирининг тажрибасини ўрганиши ва муносабатларни яхшилаши кўзланган.
Маълумот ўрнида, Озарбайжон билан Европа Иттифоқи (шу жумладан Европа Парламенти) ўртасидаги расмий алоқалар 1996 йилда ҳамкорликнинг асосий ҳужжати – Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битим имзоланган. Бу битим 1999 йилда кучга кирган ва айнан шундан кейин парламентлараро алоқалар ҳам расмий тарзда йўлга қўйилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШдаги Республикачи қонунчилар Европа Комиссиясини сўз эркинлигини чеклаш, консерватив қарашларни нишонга олиш ва Европа давлатларидаги сайловларга аралашишда айблаганди.
Live
Барчаси