АҚШ яна ҳужум қилса, узоқ ва оғриқли жавоб олади – Эрон расмийси
Олам
−
01 Май 2744 2 дақиқа
Агар Вашингтон Эронга ҳужумларни қайта бошласа, Форс кўрфази минтақасидаги АҚШ позицияларига “узоқ ва оғриқли зарбалар” билан жавоб қайтарилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 29 апрель куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий маълум қилди.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганига икки ой бўлган бир пайтда, Ҳормуз бўғози ҳали ҳам ёпиқ ҳолда ҳолатда. Бу эса дунё нефть ва газ таъминотининг тахминан 20 фоизини тўсиб қўйиб, глобал энергия нархларининг кескин ошишига ва иқтисодий инқироз хавотирларининг кучайишига сабаб бўлмоқда.
Можарони ҳал этишга қаратилган Покистон бошчилигидаги ҳаракатлар тўхтаб қолган. 8 апрелдан бери амал қилаётган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Эрон ўз портларига қўйилган АҚШ денгиз блокадасига жавоб сифатида бўғозни ёпиқ сақлаяпти.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий бу қарорни ҳимоя қилиб, уни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан “қонуний ва асосли” деб атаган. У АҚШни “сув йўлидан нотўғри фойдаланишда” айблаган. Шунингдек, расмий Форс кўрфазидаги АҚШ объектларига қилинган ҳужумларни ҳам оқлаган ва минтақадаги айрим давлатларни АҚШ билан ҳамкорликда ҳаракат қилгани учун танқид қилган.
Қайд этиш жоиз, АҚШ янги ҳужум бошлайдими-йўқми, бу ҳозирча номаълум. Бугун, 1 май санаси Конгресс урушни маъқуллаши учун белгиланган якуний муддат ҳисобланади. Агар бу тасдиқланмаса, АҚШ 1973 йилги “War Powers Resolution” қонунига кўра ҳарбий ҳаракатларни қисқартиришга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Олий раҳбари Мужтабо Ҳоманаий 28 февралдан бери илк бор халқига кескин мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси