“Санжик”нинг уйидан буюм олиб чиқиб кетган ИИБ ходими жазоланади
3-саҳифа
−
01 Май 8184 2 дақиқа
Аввалроқ, “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган блогер Санжар Каримовнинг хонадонида ўтказилган тезкор тинтув жараёнида ИИБ ходими айбланувчининг шахсий буюмини олиб чиқиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Бугун, 1 май куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Санжар Каримовга оид жиноят иши юзасидан навбатдаги очиқ суд мажлисида прокурор ушбу ИИБ ходимига нисбатан хусусий ажрим чиқаришни сўради. Бу ҳақда суд жараёнида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Бу галги суд мажлисида суд тергови якунига етгани сабабли раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев томонларга якуний муҳокама учун сўз берди.
Давлат айбловчиси, Мирзо Улуғбек тумани прокурори ўринбосари Наврузбек Сапаров суддан айбланувчига нисбатан бир қатор моддалар бўйича жазо тайинлашни сўради.
Шунингдек, давлат айбловчиси Санжар Каримовнинг уйида ўтказилган 2025 йил октябрь ойидаги кечиктириб бўлмас тезкор тадбирда айбланувчининг хонадонидан Каримовнинг шахсий буюмини “ўйнаб” олиб чиқиб кетган ИИБ ходимига нисбатан хусусий ажрим чиқаришини сўради.
Шундан сўнг Каримовнинг ҳимоячилари суд мажлислари давомида, гувоҳлар сўроқ қилинганда аксар айбловлар ўз исботини топмаганини айтиб ўтди. Бундан ташқари, Санжар Каримовнинг уйида ўтказилган тинтув жараёнида бошқа алоқадор бўлмаган ходимлар ҳам ишга аралашгани учун ҳамда етарлича холислар иштирокида тинтув ишлари амалга оширилмагани учун ашёвий далиллар ва тинтув жараёни номақбул, деб топилишини илтимос қилди.
Томонларнинг узоқ музокараларидан сўнг раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев якуний қарор қабул қилиш учун жорий йилнинг 8 майига қадар танаффус эълон қилди.
QALAMPIR.UZ тез орада ушбу суд мажлисидан батафсил видеорепортажни тақдим этади. Кўрсатувни YouTube каналимизда томоша қилишингиз мумкин.
Live
Барчаси