АҚШда Чарльз III ташрифига адашиб Австралия байроқлари осиб қўйилди
Олам
−
25 Апрель 3089 2 дақиқа
Кеча, 24 апрель куни Колумбия округи (Вашингтон) расмийлари қирол Чарльз III нинг АҚШга ташрифи олдидан Оқ уй яқинида Британия байроқлари ўрнига янглишиб бир нечта Австралия байроқларини осиб қўйди. Бу ҳақда округ Транспорт департаменти вакилига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Британия монархини кутиб олиш учун осилган 230 дан ортиқ байроқлар орасида 15 та Австралия байроғи ҳам қисқа вақт давомида пайдо бўлиб қолган. Нашр манбасининг қайд этишича, уларни тезкорлик билан Британия байроқларига алмаштиришга улгуришган.
Қирол Чарльз III нинг Вашингтонга ташрифи жорий йилнинг 27 апрель куни амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу ташриф АҚШ Мустақиллик декларациясининг (Британия ҳукмронлигидан ажралишнинг) 250 йиллигига тўғри келади ва Чарльз III бошқаруви давридаги энг шов-шувли хорижий сафар деб ҳисобланмоқда.

“Reuters” хабарига кўра, ташриф Эрон билан уруш туфайли сўнгги 70 йилдаги энг паст нуқтага тушиб қолган икки иттифоқчи ўртасидаги “алоҳида муносабатларни” тиклашга қаратилган.
Маълумот учун, ўтган йил охирида “The Times” нашри Лондон савдо битими бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолган бир шароитда, АҚШ Президенти Дональд Трампни “ром қилиш кампанияси” доирасида Чарльз III ва шаҳзода Уильямнинг 2026 йилдаги ташрифларини тайёрлаётгани ҳақида ёзган. Чарльз III нинг ташрифи 2007 йилдан бери амалдаги монархнинг АҚШга биринчи сафари бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чарльз III рафиқаси Камилла билан Оқ уйга ташриф буюриши ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, қирол ортга қайтаётганда Британиянинг Шимолий Атлантикадаги Бермуд оролларига ҳам кириб ўтади.
Live
БарчасиИсроил Президенти Қозоғистонга келди
27 Апрель