20 ёшли йигит аёлнинг бўйнидаги тилла занжирни юлиб, ўғирлаб кетди (видео)
3-саҳифа
−
10 Апрель 5406 2 дақиқа
Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Яккабоғ маҳалласи ҳудудида 20 ёшли йигит овқатланиш шохобчасида ишловчи аёлнинг бўйнидаги занжирини юлиб, қочиб кетган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Аниқланишича, аёл эрта тонгда ўз вазифасини бажараётган бўлган. Тўсатдан унинг ёнига номаълум шахс яқинлашган. Аммо аёл уни навбатдаги мижоз деб ўйлаган. Кутилмаганда у аёлнинг бўйнидаги қиймати 10 млн 200 минг сўм бўлган тилла тақинчоқни юлиб олиб, номаълум томонга қочиб кетган. Жабрланувчи зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилган.
“Беш дақиқага қолмай ходимлар етиб келди. Ҳаммаси ишга тушиб кетди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “бола топилди”, деб хабар келди”, дейди аёл.
Тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этган 2006 йилда туғилган йигит Тошкент вилояти Янгийўл туманида қўлга олинган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Чилонзор тумани тергов бўлимига тақдим этилган.
Маълум бўлишича, жиноятни содир этган йигит муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан судланган. Бироқ тайинланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан яна жиноят йўлига кирган.
“Қочиб бўлмас экан. Барибир бир кунда топишди. Ҳеч кимга бундай иш қилишни тавсия қилмайман. Ҳалол меҳнат билан яшаш керак экан. Бировни мулкига кўз олайтириш, яхшилик билан тугамайди. Қилган ишимдан пушаймонман. Душманимга ҳам раво кўрмайман бундай ҳолатни. Халқимиздан, ўша опадан, ҳаммадан кечирим сўрайман”, дейди гумонланувчи.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 21 декабрь куни 2004 йилда туғилган йигит ерости йўлидан ўтиб кетаётган қизнинг телефонини олиб қочиб кетганди.
Шаҳзода Шукуруллаева
Live
Барчаси