Қозоғистонда Қурултойга сайловлар қачон бўлиши айтилди
Олам
−
10 Апрель 1330 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қурултойга сайловлар жорий йилнинг август ойида ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 10 апрель куни олимларни тақдирлаш маросимида сўз очди.
“Давлат раҳбари сифатида мамлакатимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган воқеалар ҳақида олдиндан хабар беришни жуда муҳим деб ҳисоблайман. Шу сабабли, Конституция кучга кириши билан бир палатали Қурултойга сайловлар ўтказиш тўғрисидаги Фармонни имзолайман. Сайловлар жорий йилнинг август ойида бўлиб ўтади”, дейди у.
Президент бу ҳақда олдиндан эълон қилаётганидан мақсад сиёсий партиялар сайловолди кампаниясига пухта тайёргарлик кўришлари учун аниқ режа ва етарли вақтга (тахминан беш ой) эга бўлишлари эканини таъкидлаган.
“Қурултойга сайловлар Қозоғистоннинг бутун сиёсий тизимини кенг кўламли “қайта қуриш” жараёнининг бошланиши бўлади. Бунда биз амалга ошираётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар жамиятдаги ижобий “ментал” ўзгаришлар билан узвий боғлиқ бўлиши ниҳоятда муҳимдир”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти янги Конституцияда назарда тутилган бир палатали парламент Қурултой деб аталишини айтган эди. Янги Конституцияга кўра, Қурултой конституциявий ва бошқа қонунларни қабул қилади, сайловларни эълон қилади, уруш ва тинчлик масалаларини ҳал қилади ҳамда бошқа ваколатларга эга бўлади. Унинг таркибига 145 нафар депутат киради.
Жорий йилнинг 15 март куни Қозоғистонда референдум бўлиб ўтди ва унинг якунларига кўра янги Асосий қонун қабул қилинди.
Live
Барчаси