Орбан Кремль билан махфий режани келишиб олди – “Politico”
Олам
−
08 Апрель 4551 3 дақиқа
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Кремль билан Венгрияда Россия таъсирини кенгайтириш бўйича махфий режани келишиб олди. Бу ҳақда Россия ҳукумати томонидан тузилган ва “Politico” ихтиёрига тушган ҳужжатларда айтилади.
“2025 йил октябрь ойида Россия Президенти Владимир Путинга унинг “сичқони” бўлишга ва Россия “арслони”га ёрдам беришга ваъда берган Венгрия Бош вазири Виктор Орбан декабрь ойига келиб ўз мамлакатини Путин режимига янада маҳкамроқ боғлашга тайёргарлик кўрди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ўтган йилнинг охирида Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ва Россия Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко Москвада учрашиб, икки давлат ўртасида иқтисодий, савдо, энергетика, маданий ва спорт алоқаларини кенгайтириш бўйича 12 банддан иборат келишувни имзолаган. Гарчи Орбан ҳукумати Европа Иттифоқидаги Кремлнинг сўнгги иттифоқчиси бўлиб қолаётган ва Россия билан яқин алоқаларни сақлаб келаётган бўлса-да (биргина Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Сийярто Украинадаги уруш даврида 20 марта учрашган), ушбу келишув ҳақида ҳозиргача маълум эмас эди. Сийярто ва Мурашко 2005 йилда ташкил этилган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраислари ҳисобланади.
“Икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида, агар Украинадаги тўрт йиллик урушдан кейин бу қадамга Европа Иттифоқига аъзо давлат қўл урмаганида, ҳеч қандай ғалатилик бўлмас эди. Ваҳоланки, Иттифоқ Россияга нисбатан тарихдаги энг қаттиқ сиёсий ва иқтисодий санкцияларни жорий қилган, у билан энергия ресурслари етказиб бериш кўринишидаги қолган иқтисодий алоқаларни узган ҳамда Москва Европа билан гибрид уруши доирасида қўллаётган диверсиялар, дезинформация ва саботаж ҳаракатларидан ҳимояланишга мажбур бўлмоқда”, дейилади хабарда.
“Politico” танишиб чиққан ҳужжатларда Россия идоралари учун янги мажбуриятларни бажариш бўйича йўриқномалар мавжуд. Сийярто ва Мурашко томонидан имзоланган келишув “икки томонлама савдодаги салбий динамикани ўзгартириш”га интилишни назарда тутади, Россия компанияларига Венгриянинг электр энергетикаси ва водород энергетикаси соҳасидаги янги лойиҳаларига йўл очади, шунингдек, нефть, газ ва ядро ёқилғиси соҳасида ҳамкорликни ўз ичига олади.
Қайд этиш жоиз, Европа Иттифоқи 2026–2027 йиллар давомида Россиядан газ сотиб олишни бутунлай тўхтатишга келишиб олган ва Будапештдан Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишни талаб қилмоқда. Венгрия ҳозирча истисно тариқасида нефть олишни давом эттирмоқда, ваҳоланки, Украина орқали ўтувчи “Дўстлик” (Дружба) нефть қувури бўйлаб транзит январь ойи охирида Россия ўққа тутиши оқибатидаги шикастланиш туфайли тўхтаб қолган. Россияга ҳеч қандай эътироз билдирмаган Орбан Украинани етказиб беришни сиёсий сабабларга кўра қайта тикламаётганликда айблади ва ҳозирда давом этаётган сайловолди кампанияси давомида Киевни, шунингдек, Европа Иттифоқини Венгриянинг асосий душманлари сифатида кўрсатмоқда.
“Россия билан алоқаларни мустаҳкамлаш Венгриянинг Европа Иттифоқига аъзолигидан келиб чиқадиган мажбуриятларига зид бўлмаслиги керак”, дейилади “Politico” танишиб чиққан ҳужжатлардан бирида.
Бошқа бир ҳужжатга кўра, 2025 йил 9 декабрь куни Москвада бўлиб ўтган учрашувда вазирлар “икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик, энергетика сектори, саноат, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги, шунингдек, маданий ва гуманитар соҳалардаги долзарб масалаларни муҳокама қилган”. Улар, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли соҳаларда “узоқ муддатли, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш” муҳимлигини таъкидлаган.
Live
БарчасиЎзбекистонда зилзила содир бўлди
12 Апрель
Венгрияда Орбан ҳам сайловда овоз берди
12 Апрель