“UzAuto Motors” ва “Навоийазот” хусусийлаштиришга тайёрланмоқда
Жамият
−
07 Апрель 6529 4 дақиқа
Ўзбекистонда “UzAuto Motors”, “Навоийазот” ва иссиқлик электр станциялари хусусийлаштиришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда кеча, 6 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга доир таклифлар тақдимотида сўз боради.
Қайд этилишича, бугунги кунда иқтисодиётда давлат улуши 42 фоизни, давлат иштирокидаги корхоналарнинг сони эса 1 минг 685 тани ташкил этмоқда. Хусусан, ўтган йили қарийб 30 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилиб, бюджетга 10 триллион сўмдан ортиқ тушум таъминланган. Ер участкаларини сотиш ҳажми ҳам изчил ошиб, 6 триллион сўмлик натижага эришилган.
Хусусийлаштиришдан манфаатдорлик тизими жорий этилиб, вилоятларда 2,6 триллион сўм, маҳаллаларда эса 7 миллиард сўм маблағ қолган. Давлат корхоналари эса бюджетга 49 триллион сўм дивиденд тўлади. Умуман, сўнгги беш йилда хусусийлаштириш ҳисобидан давлат корхоналари сони 60 фоизга камайган.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам борлиги кўрсатиб ўтилган. Энг аввало, хусусийлаштириш жараёнларида иш ўринларини сақлаб қолиш, янги мулкдорлар томонидан замонавий технологиялар жорий этилиши ва ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилиши бўйича талабларни кучайтириш зарурлиги таъкидланган. Ўтган йили самарасиз ишлаётган давлат корхоналарининг сони 362 тага етгани бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришни талаб қилади.
Тақдимотда давлат корхоналарини таҳлил қилиш тизимида замонавий рақамли воситалар ва сунъий интеллект имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётгани қайд этилган. Молиявий ҳолати оғирлашган 451 та корхона 2024 йилда 14 триллион сўм, ўтган йили эса 362 та корхона 4 триллион сўм зарар кўргани айтилган. Шу муносабат билан давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, молиявий барқарорлигини баҳолаш ва муаммоларни барвақт аниқлашнинг янги механизмини жорий этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Хусусийлаштиришда таҳлилий ёндашув етарлича қўлланилмаётгани қайд этилган. Бундан буён мазкур жараён тармоқ ёндашуви асосида ташкил этилиб, ҳар бир соҳа алоҳида таҳлил қилиниши, унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари баҳоланиши, рақобат муҳити ўрганилиши ҳамда таклифлар шу асосда ишлаб чиқилиши белгиланган.
Ҳудудларда давлат мулкидан оқилона фойдаланиш, бўш турган майдонларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш бўйича мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилган. Шу муносабат билан давлат кўчмас мулки объектларини босқичма-босқич ягона бошқарув тизимига ўтказиш, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартириш таклиф этилган. Бу орқали 4,9 миллион квадрат метр майдонни иқтисодий айланмага киритиш, бўш биноларни савдо ва ижарага чиқариш, шунингдек, сақлаш ва коммунал харажатларни қисқартириш имконияти яратилади.
Йиғилишда тадбиркорларга ажратилган, лекин иқтисодий айланмага тўлиқ киритилмаган ер участкалари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2022-2025 йилларда берилган 11,4 минг гектар ернинг 3,1 минг гектарида иқтисодий фаолият тўлиқ йўлга қўйилмагани таъкидланган.
Шу боис, ер участкаларининг ҳақиқий ҳолатини онлайн мониторинг қилиш, уларни тайёр лойиҳалар асосида аукционга чиқариш ва инвестиция киритиш шартини кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Бунинг учун “E-auksion”, “Yerelektron”, Ўзбеккосмос агентлиги, “Шаффоф қурилиш” ва “UzKAD” каби ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилган ҳолда самарали фойдаланилмаётган ерларни аниқлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинган.
Ушбу ерларни иқтисодий айланмага киритишда жойлардаги ҳокимликларнинг ролини ошириш топширилган. Эндиликда тадбиркорлик мақсадлари учун ер майдонлари рухсат берувчи ҳужжатлари билан бирга тайёр бизнес лойиҳаси сифатида аукционга чиқарилади.
Шунингдек, йирик активлар, жумладан, “UzAuto Motors” ва унинг таркибидаги корхоналар, “Навоийазот”, иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ишлари ҳақида ахборот берилган.
Давлат активларини бошқариш агентлигида рақамли технологиялар лойиҳа офисини ташкил этиш таклифи билдирилган. Ушбу тизим доирасида хусусийлаштиришнинг барча жараёнлари онлайн кузатиб борилади, давлат корхоналарининг молиявий таҳлили ва тушумларни тақсимлаш жараёнларига сунъий интеллект элементлари жорий қилинади.
Давлат раҳбари иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, активлардан самарали фойдаланиш ва хусусийлаштириш жараёнларини замонавий ёндашувлар асосида тезлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.
Live
Барчаси