Тадбиркорлар норози: солиқ тизимидаги “фойдали тўсиқлар” чиндан ишлаяптими? (видео)
Бизнес
−
07 Апрель 8582 4 дақиқа
Қонунчиликка кўра, тадбиркор ўз омборига кирим қилинмаган (сотиб олинмаган) товар учун электрон ҳисоб-фактура (сотув ҳужжати) расмийлаштирa олмаслиги керак. Бироқ амалиётда “обналчи” фирмалар (ҳужжатда бор, лекин аслида фаолият юритмайдиган cохта тадбиркорлик субъектлари) йўқ маҳсулотни қоғозда сотмоқда, кейинчалик эса бунинг жабрини ўша фирмадан маҳсулот сотиб олган ҳалол тадбиркорлар тортмоқда. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси, Бизнес-Омбудсман, Солиқ қўмитаси ҳамда солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар ва бухгалтерлар иштирокида булиб ўтган очиқ мулоқотда айтилди.
Кеча, 6 апрель куни ўтказилагн учрашувда Ўзбекистон солиқ тизимида товарлар айланмасини назорат қилиш ва “сохта” ҳужжатбозликнинг олдини олиш мақсадида жорий этилган рақамли назорат тизими кескин муҳокама қилинди. Хусусан, омборда йўқ маҳсулотни сотишни тақиқловчи тизимнинг амалда қандай ишлаётгани шубҳа остига олинди.
Тадбиркорлар Давлат Cолиқ қўмитаси айрим вазифаларини бажармаётганидан норози. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги 595-сонли “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан амалга ошириладиган солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Cолиқ қўмитасига қуйидаги вазифалар юклатилган:
- ҚҚС гувоҳномасини беришда “Хавфни таҳлил қилиш” тизими;
- “Солиқ узилиши” учун жавобгарлик;
- Жиноят ишларига сабаб бўлаётган “Шубҳали” мезонлар;
- Давлат органларининг мажбурияти: “солиқ тўловчининг инсофлилигини текшириш”.
Адвокат Шокир Боқиевнинг сўзларига кўра, тизимдаги бўшлиқлар сабабли 2021 йилдан буён юзлаб корхоналар устидан жиноят иши қўзғатилган.
“Агар солиқ тизими омборда йўқ маҳсулотга сотув ҳужжатини расмийлаштиришни техник жиҳатдан тўсиб қўйганда эди, бугун бунча тадбиркор сарсон бўлмасди”, дейди тадбиркорлар вакили.
Давлат Солиқ қўмитаси вакили Равшан Имомов ушбу эътирозларга жавобан тизимда маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация коди (МХИК) бўйича текширув мавжудлигини ва у ишлаётганини маълум қилди. Бироқ ушбу чеклов ҳозирда фақат тайёр маҳсулот сотувчи (улгуржи савдо) корхоналари учун амал қилмоқда.
“Бу норма фақат савдо корхоналари учун ишлаяпти. Чунки савдогар нима олса, шуни сотади (МХИК коди ўзгармайди). Лекин ишлаб чиқарувчига бундай тақиқ қўйиб бўлмайди. У хомашё олади ва мутлақо бошқа МХИК коди билан тайёр маҳсулот сотади. Агар ишлаб чиқарувчига “сенинг омборингда тайёр маҳсулот йўқ” деб тақиқ қўйсак, бутун мамлакатда ишлаб чиқариш тўхтаб қолади.", дея тушунтириш берди қўмита мутасаддиси.
Адвокат Шокир Боқиев қўмита вакилининг бу изоҳини шубҳа остига олди.
“Сиз улгуржи савдода тизим ишлаяпти деяпсиз. Унда қанақасига менинг қўлимда 2023–2024 йилларда улгуржи савдо билан шуғулланган ва омборида йўқ товарни сотиб юборган “обналчи” корхоналар бўйича юзлаб жиноят ишлари турибди? Агар тизим ишлаётган бўлса, улар қандай қилиб фактурани расмийлаштирган?”, деди у.
Солиқ қўмитаси вакилининг жавоби эса “тан олиш” оҳангида бўлди.
“Балки бизнинг валидациямиздан (текширувимиздан) ўтиб кетаётган бўлиши мумкин. Биз ҳамма нарсани чеклаб қўя олмаймиз, чунки процессор қийналиб қолади. Рўйхатни беринг, ўрганиб чиқамиз”, деди қўмита ходими.
Муҳокамада иштирок этган тадбиркорлардан бири Фахриддин Илёсов масалага янада кескин ёндашди.
“2023 йилда ўша қонун кучга кирган санадан бошлаб сизлар бажаришингиз керак бўлган вазифани бажаряпсизларми? “Тизим ишлаяптими-ишламаяптими?” деб бераётган саволимизнинг ўзи нотўғримасми? Майли, буларни ҳаммасини унутинг. Саволимга жавоб беринг, 2023 йилда қонун кучга кирган кундан бошлаб фактура орқали сотилган ҳар битта товарнинг “приходи” борми, йўқми? Бор, тўғрими? Агар уни кимдир йўқ деётган бўлса, бу абсурд деяпсиз, тўғрими? Фактура бу судлашиш керак бўлган, бирон нарсани исботлаш керак бўлган нарса эмас эканда бўлмаса, тўғрими?”, деди тадбиркор.
Бу саволларга эса Давлат Cолиқ қўмитаси вакили аниқ жавобларни бера олмади. Бироқ якунда томонлар мавжуд муаммоли ҳолатлар ва жиноят ишларини биргаликда ўрганиб чиқишга келишиб олди. Тадбиркорлар солиқ органидан тизимнинг ҳақиқатда шаффоф ишлашини ва “фирибгарлар”га йўл қолдирмасликни талаб қилмоқда.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель