Трамп маъмурияти ҳарбий бюджетни 1,5 трлн долларгача оширишни сўради

Олам

image

Бугун, 3 апрель куни Оқ уй Конгрессдан 2027-молия йили учун мудофаага тахминан 1,5 триллион доллар ажратишни сўрашини маълум қилди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.

Агар ушбу қарор қабул қилинса, бу маблағ замонавий тарихдаги энг юқори ҳарбий харажатлар даражасига айланади. Трамп маъмурияти ҳарбий бюджетнинг рекорд даражада оширилишини Қўшма Штатларнинг қатор можароларга, биринчи навбатда Эрон билан бўлган тўқнашувга жалб қилингани билан изоҳлаган.

Нашрнинг қайд этишича, бу сумма АҚШнинг жорий молия йилида Пентагон учун сарфлаган маблағидан 40 фоизга кўпдир. Маъмурият ушбу ўсишни бир вақтнинг ўзида ички идоралардаги харажатларни 73 миллиард долларга қисқартириш, жумладан, иқлим, уй-жой ва таълим соҳасидаги баъзи дастурларни тугатиш орқали амалга оширишни таклиф қилган.

Таъкидланишича, ҳозирча Оқ уй бюджет сўровининг қисқача мазмунини эълон қилган, батафсил маълумотлар эса кейинроқ кутилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, агар қонун чиқарувчилар Президентнинг ушбу режасини қонун сифатида қабул қилса, бу таклифлар мажмуи келгуси ўн йилликда шундоқ ҳам сезиларли бўлган федерал қарзга яна триллионлаб доллар қўшиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пентагон Оқ уйдан Эронга қарши урушни молиялаштириш учун Конгрессга 200 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратиш сўрови билан мурожаат қилишни маъқуллашни сўраган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Оқ уй Конгресс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг