Италия кетма-кет учинчи бор мундиалга чиқа олмади

Спорт

image

Бугун, 1 апрелга ўтар кечаси Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) ҳудудида ЖЧ-2026 саралашининг плей-офф ўйинлари якунланди. Бир вақтнинг ўзида тўртта мини-турнир финали бўлиб ўтди. Баҳслар битта ўйиндан иборат форматда ўтказилди ва ғолиблар Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Ўйинларнинг ярми асосий вақтда ҳал бўлди. Туркия терма жамоаси Приштинада Косово устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ягона голни 53-дақиқада Карим Актуркоғлу киритди. Шу тариқа турклар 2002 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионатига йўл олди.

Швеция терма жамоаси Стокгольмда Польша билан баҳсда 3:2 ҳисобидаги ғалабани илиб кетди. Мезбонлар сафида Энтони Эланга (20), Густав Лагербильке (44) ва Виктор Дьёкереш (88) гол урган бўлса, меҳмонлардан Никола Залевский (33) ва Кароль Свидерский (55) ўз номини таблога ёздириб қўйди.

Зеницада бўлиб ўтган Босния ва Герцеговина ҳамда Италия ўртасидаги учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобидаги дуранг билан тугади. Меҳмонлар Мойзе Киннинг голи (15) эвазига олдинга чиқиб олганди, бироқ кейинроқ Алессандро Бастони четлатилгач (41), бир киши кам бўлиб қолди. Мезбонлар Харис Табаковичнинг саъй-ҳаракатлари билан (79) мувозанатни тиклади. Қўшимча вақтда ҳисоб ўзгармади. Пенальтилар сериясида эса боснияликлар кучлироқ чиқди – 4:1. Улар ўз тарихида иккинчи бор Жаҳон чемпионатига йўл олди. Италия терма жамоаси эса кетма-кет учинчи марта ушбу турнир саралашидан ўта олмади.

Прагадаги Чехия ва Дания ўртасидаги ўйин ҳам пенальтилар сериясигача давом этди. Асосий вақтда мезбонлардан Павел Шульц (3), меҳмонлардан Йоаким Андерсен (72) гол урди. Экстра-таймда жамоалар яна биттадан тўп киритди (Ладислав Крейчи 100 ва Каспер Хёг 112). Пенальтилар сериясида чехлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, 2006 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Польша Италия UEFA ЖЧ-2026

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг