Сохта ободонлаштириш ходимлари. Кўча бошидаги фирибгарлик

Таҳлил

Сўнгги пайтларда жамиятда фирибгарликнинг турли, ҳатто илгари учрамаган кўринишлари кўпайиб бормоқда. Ана шундай ҳолатлардан бири – ўзини ободонлаштириш ходими сифатида таништириб, махсус кийимда кўчаларда юриб, фуқаролардан пул сўраётган шахсларнинг пайдо бўлишидир.

Бундай “ходимлар” кўча ёқаларида туриб, ўтган-кетганлардан “тушликка”, “овқатга” ёки бошқа баҳоналар билан пул сўрашади. Энг хавотирли жиҳати шундаки, улар ташқи кўринишда ҳақиқий ободонлаштириш ходимларидан деярли фарқ қилмайди. Шу сабаб кўплаб фуқаролар уларни асл ходим деб ўйлаб, пул бериб юбораётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Аммо бир муҳим жиҳат бор: ҳақиқий ободонлаштириш ходимлари ҳеч қачон кўча бошида туриб одамлардан пул сўрамайди.

Журналистик кузатув давомида ана шундай шахслар билан мулоқот қилишга ҳаракат қилдик. Улар ўзларини ободонлаштириш тизими ходими сифатида таништирди, бироқ қаерда ишлаши, раҳбари кимлиги ёки иш тартиби ҳақида аниқ жавоб бера олмади. Аксинча, саволлардан қочишга уринди. Бу эса уларнинг фаолияти шубҳали эканини янада кучайтиради.

Мазкур ҳолат юзасидан мутасаддилар билан боғланганимизда расмий изоҳ берилди. Унда айтилишича, айрим шахслар ўз манфаатини кўзлаб, ободонлаштириш ходимлари номидан фойдаланиб, фуқаролардан пул ундиришга уринмоқда. Таъкидланишича, бу каби шахслар тизимга мутлақо алоқадор эмас. Шунингдек, ҳақиқий ободонлаштириш ходимларининг махсус кийимлари ўзига хос белгилар билан ажралиб туради.

“Ҳозирги кунда шаҳримизнинг айрим ҳудудларида қўштирноқ ичидаги шахслар одамлардан ўз манфаатини кўзлаган ҳолда тиламчилик йўли билан пул ундириш ҳолатларига дуч келмоқдамиз. Энг ачинарлиси, бундай шахслар ўзларини гўёки ободонлаштириш бошқармаси ходими сифатида таништириб келган. Шу билан биргаликда, фуқароларимиздан уларнинг устидаги махсус кийим-бош ободонлаштириш бошқармасига тегишли деган фикр уйғотмоқда. Аксинча, ободонлаштириш бошқармасига тегишли махсус кийим-бошларнинг ўзига хос белги ва ўз логотиплари билан жиҳозланган бўлишини эслатиб ўтмоқчиман. Мисол учун, ҳар бир туман ободонлаштириш бошқармасига тегишли махсус кийим бошларини орқа қисмида туман ободонлаштириш бошқармаси номи ёзилган бўлади ва ҳар бир кийимда хавфсизлик жиҳатидан нур қайтарувчи махсус чизиқлар бўлади. Фуқароларимиздан бундай шахслар ободонлаштириш бошқармаси ходими деган фикрга келмасликларини илтимос қилиб қолардик, гарчи ободонлаштириш тизимида бундай ходимлар ишламайди, балки улар юртимиз, шаҳримиз озодалиги посбонларидир”, деди Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси мутахассиси Абдуҳамид Маҳмудов.

Узоқ йиллардан буён ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган ходимлар ҳам бу ҳолатлардан норози эканини билдирмоқда. Уларнинг айтишича, ҳақиқий ходимлар кун бўйи кўчаларни тозалаш, ободонлаштириш билан банд бўлади ва одамлардан пул сўрашга на вақти, на эҳтиёжи бор.

Баъзилари ҳатто бундай фирибгарларни кўриб уларни огоҳлантиришга уринганини, бироқ улар қочиб кетганини ҳам айтади. Энг ачинарлиси, бу каби ҳолатлар ҳақиқий меҳнаткашларнинг обрўсига путур етказмоқда.

Сўровлар давомида фуқаролар фикри ҳам турлича бўлди. Кимдир уларни ҳақиқий ходим деб ўйлаб пул берганини тан олса, бошқалар бундай ҳолатларга шубҳа билан қарашини айтади.

Айримлар эса бу ҳолат шаҳарга келган меҳмонлар, хусусан, хорижий туристлар олдида ноқулай тасаввур уйғотишини таъкидлади. Улар “Тошкентда тиланчилар кўп экан”, деган фикрлар айнан шундай вазиятлар туфайли шаклланиши мумкинлигидан хавотирда.

Масала оддий эмас. Бугун бу – ободонлаштириш ходими номидан фойдаланаётган фирибгарлар. Эртага эса бошқа соҳа вакиллари номидан ҳам шундай ноқонуний ҳолатлар юзага келиши мумкин. Агар кимдир махсус кийимда бўлса ҳам бу унинг ҳақиқатда шу тизим ходими эканини англатмайди. 

Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг