Австралия осмонида ғаройиб табиат ҳодисаси кузатилди (видео)
Олам
−
28 Март 6301 2 дақиқа
Бугун, 28 март куни Ғарбий Австралияда кучли бўрон фонида ноодатий табиат ҳодисаси кузатилди – айрим ҳудудларда осмон тўқ қизил тусга кириб, ҳудудни қалин чанг қоплади. Бу ҳақда “The New Daily” хабар берди.
Қайд этилишича, Нарелле циклони сабаб юзага келган кучли шамоллар ҳавога катта миқдорда чанг ва қумни кўтарган. Оқибатда Карнарвон шаҳри устида бир неча соат давомида халқ тилида айтилувчи “қонли осмон” ҳодисаси юзага келган.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, чанг нафас олиш ва кўришда қийинчилик туғдирган.
Шу билан бирга, циклон ҳудудда жиддий талофатлар ҳам келтириб чиқарган. Корал Бай яқинида қирғоққа чиққан бўрон кейинчалик Эксмут шаҳрига кучли зарба берган. Шамол тезлиги 250 км/соатгача етиб, бинолар томлари учиб кетган, деразалар синиб, электр таъминоти узилган.
Хусусан, эвакуация марказларидан бирининг томи учиб кетган пайтда ичкарида 40 га яқин одам бўлган. Уларни хавф туфайли дарҳол кўчириш имкони бўлмаган ва улар бўронни шикастланган бино ичида ўтказишга мажбур бўлган.
Мутахассислар зарар кўлами ҳали тўлиқ аниқланмаганини, аммо сезиларли талофатлар кутилаётганини билдирмоқда. Циклон ҳозирда кучсизланиб, ҳудуд ичкарисига қараб силжимоқда, бироқ кучли шамол ва ёғингарчилик хавфи сақланиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри аҳолиси ноёб табиат ҳодисасига гувоҳ бўлганди. Қалин булутлар тезлик билан ёпирилиб келиб, шаҳар осмонини қоплаб олган.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель