“Толибон” журналистлар қуршовида америкалик маҳбусни озод қилди
Олам
−
25 Март 4591 2 дақиқа
Жорий йилнинг 23 март куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати 64 ёшли америкалик тадқиқотчи Деннис Уолтер Койлни озод қилди. У 2025 йил январидан буён ҳибсда эди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
“Толибон” ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Койлни “тарбиялаш” жараёни ниҳоясига етгани ва Афғонистон собиқ маҳкумни Рамазон ҳайити муносабати билан афв этгани айтилган.
Қўшма Штатлар ўз фуқаросининг озод этилишига жавобан Афғонистоннинг ҳаракатини олқишлаган, аммо ҳали-ҳануз кўплаб “бегуноҳ” америкалик фуқаролар мамлакатда ноҳақ ҳибсда сақланаётганини, улар ҳам озод қилиниши кераклигини таъкидлаган.
Койлнинг шахсий интернет саҳифаси маълумотларига кўра, тадқиқотчи 2000-йиллар бошидан Афғонистонда маҳаллий тилларни ўрганиб, аҳолининг она тилларини ўзлаштириши учун ўша ҳудуддаги мактаб ўқувчиларига дарс берган. Шунингдек, у пушту тилидаги бир нечта бадиий адабиётларни инглиз тилига таржима қилган.
“Толибон” расмийлари уни “амирликнинг ички қоидаларини бузган” деб изоҳлаган, аммо қандай қоидалар бузилгани очиқланмаган. Қариндошларнинг айтишича, тор ва зах хонада ҳудди ҳайвондек сақлаш оқибатида кекса олим тери шамоллашини орттириб олган.
“Ўзимни жуда яхши ҳис қилаяпман. Афғонистон 20 йилдан буён менинг юрагимда ва у ерда абадий яшайди”, дейди Койл.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида баёнот берган.
“Ва ниҳоят, бир йиллик тутқунликдан сўнг, Койл Деннис ўз уйига йўл олди”, дейди у.
Рубионинг баёнотига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп чет элда ноҳақ ҳибсда сақланаётган маҳбуслар билан хайрихоҳ ва уларнинг озод қилиниши учун ҳар қандай ишга тайёр.
Давлат департаментига кўра, Койлнинг озод қилинишида Бирлашган Араб Амирликларининг ёрдами катта бўлган.
“БAAнинг “Толибон” билан музокаралари натижасида Койл озодликка чиқмоқда”, дейилади хабарда.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель