Энди ўзбекистонликлар фавқулодда вазиятларда масжидлар орқали огоҳлантирилади
Жамият
−
25 Март 10622 2 дақиқа
Ўзбекистонда масжидлар орқали фавқулодда вазиятлар ҳақида огоҳлантириш тизими жорий этилди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) хабар берди.
Маълум қилинишича, БМТТД Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятларда аҳолини эрта огоҳлантириш тизими қамровини кенгайтиришга қаратилган инновацион техник ечимни жорий этган.
Ушбу ташаббус доирасида аҳоли пунктларига яқин жойлашган масжидларга махсус ускуналар ўрнатилмоқда. Бу эса ФВВнинг тезкор хабарларини масжидларнинг ташқи овоз кучайтиргичлари орқали узатиш ҳамда ахборотни кенг жамоатчиликка тезкор етказиш имконини беради. Бугунги кунга қадар ускуналар Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги 272 та масжидда ўрнатилган.
“Масжидларнинг танланиши бежиз эмас: улар анъанавий равишда маҳаллий аҳоли орасида катта таъсирга эга бўлган нуфузли ижтимоий институтлар сифатида қаралади. Бундан ташқари, масжидлар деярли барча аҳоли пунктларида жойлашган бўлиб, 500 метрдан 2000 метргача эшитилиш радиусини таъминлайдиган юқори қувватли ташқи овоз кучайтиргичлар билан жиҳозланган. Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, масжидлар орқали огоҳлантириш тахминан 6,5 миллион нафар аҳолини, жумладан аёллар, эркаклар, болалар ва аҳолининг заиф қатламларини қамраб олиш имконини беради”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мобил алоқа ва электр таъминотида узилишлар юзага келган тақдирда ҳам тезкор хабарларни узатиш мумкин.
Қўшимча қилинишича, бугунги кунга қадар БМТТД кўмагида ҳамда Яшил иқлим жамғармаси молиявий кўмагида ушбу ускуналардан ташқари, аҳолини огоҳлантириш мақсадида асосий автомобиль йўллари бўйлаб, одамлар гавжум жойларда 28 та ташқи кенг форматли экран ўрнатилдган.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель