Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Японияга ишга таклиф этилмоқда
Жамият
−
24 Март 6214 2 дақиқа
Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Япониянинг Proud Partners компанияси томонидан ишга таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.
Агентликка кўра, Японияда юк етказиб берувчи ҳайдовчи сифатида ишлаш учун 200 та вакансия очилган. Номзодлар аввал Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 2026 йил апрелидан бошланадиган 8 ойлик бепул ўқув курсларида қатнашиши керак. Ўқув даврида иштирокчилар бепул ётоқхона билан таъминланади.
Танлов 30 мартдан 3 апрелгача Proud Partners компанияси томонидан онлайн суҳбат шаклида ўтказилади. Иш жойи Япония ҳудуди бўйлаб бўлади.
Талабларга кўра, номзодлар 21−35 ёш оралиғида бўлиши, B,C тоифадаги (С тоифани олганига камида 3 йил бўлган) ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши ҳамда белгиланган шартларга розилик билдириши лозим. Япон тилини биладиганларга устунлик берилади.
Маош ойига 1200−2000 доллар атрофида бўлиб, қўшимча иш соатлари учун қўшимча ҳақ тўланади. Шунингдек, иш унумдорлигига қараб йилда икки марта бонус берилиши мумкин.
Иш жадвали сменали бўлиб, яшаш жойи иш берувчи томонидан таъминланади (ўртача 200 доллар иш ҳақидан ушлаб қолинади). Овқатланиш харажатлари ходим ҳисобидан қопланади.
Дастур доирасида авиачипта харажатлари қопланади, ишчи виза расмийлаштирилади ва тиббий ҳамда ижтимоий суғурта билан таъминланади.
Барча номзодлар “Хорижда иш” платформаси орқали рўйхатдан ўтиши керак.
Маълумот учун 1282 ёки 71 202−33−55 (505) телефон рақамларига қўнғироқ қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонликлар АҚШда мавсумий ишларга жалб қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель