“Схемалар” ўйини: Қирғизистонда Ташиевга алоқадор йирик жиноят иши очилди
Олам
−
17 Март 42605 5 дақиқа
Қирғизистон Давлат солиқ хизматининг “Схемалар” дастури мамлакат нефть соҳасидаги миллиардлаб ўғриликлар бўйича таҳлил натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда “Солиқ сервис” давлат муассасаси хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, “Қирғизнефтгаз” шубҳали воситачилик ўйинлари ва хомашёни асоссиз ҳисобдан чиқариш схемалари туфайли 4 миллиард сомдан ортиқ маблағ йўқотган. 2021–2025 йиллар давомидаги ҳисоб-фактуралар ва компания маълумотлари ўрганилганда учта асосий схема аниқланган.
Ушбу схемалар орқали давлат нефтидан келган фойда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари ва яқинлари билан боғлиқ бўлган шахсларнинг қўлида тўплангани айтилмоқда.
1-схема. Нефть йўқотишларини сунъий равишда ошириб кўрсатиш
Беш йил давомида “Қирғизнефтгаз” қарийб 879 минг тонна нефть қазиб олган. Ҳисоботларда 29 минг тоннага яқин хомашё ишлаб чиқаришдаги йўқотиш сифатида ўчирилган. Бироқ корхона мутахассисларининг кўрсатмасига кўра, реал йўқотишлар қазиб олинган ҳажмнинг 1 фоизидан (тахминан 9 минг тонна) ошмаслиги керак. Оқибатда расмий ҳисобдан 20 минг тонна хомашё “ғойиб бўлган”, бу эса ўртача нархларда тахминан 560 миллион сомга тенг.
2-схема. Қайта ишлашда асоссиз воситачилардан фойдаланиш
Текширувлар жами қазиб олинган нефтнинг 30 фоизи (262 минг тонна) хусусий фирмаларга сотилганини кўрсатган. Давлатнинг ўзига қарашли “Қирғиз Петролеум Компани” заводи бўлишига қарамай, нефть тўғридан тўғри у ерга юборилмаган. Бунинг ўрнига хомашё аввал воситачиларга сотилган, улар эса нефтни қайта ишлаш учун яна давлат заводига ўз номларидан топширган. Ушбу занжир туфайли асосий фойда хусусий воситачилар қўлида қолган, давлат корхонаси эса 3 миллиард сомдан ортиқ даромадни бой берган.
3-схема. Тайёр нефть маҳсулотларини саралаб тақсимлаш
Ушбу тизимнинг якуний босқичи тайёр маҳсулотларни сотишдаги танловли ёндашув бўлган. Нефть қайта ишлангандан сўнг энг харидоргир ва даромадли маҳсулотлар – мазут ва дизель ёнилғиси чекланган доирадаги хусусий компаниялар орқали реализация қилинган. Шундан сўнг ушбу ёқилғи бошқа харидорларга, жумладан, хорижий трейдерларга қайта сотилган. Айрим ҳолларда мазут яна ўша давлат заводининг ўзига қайтиб келган. Бунинг ортидан энг бозорбоп маҳсулотлар воситачилар қўлида тўпланган, давлат корхонаси эса фойдадан маҳрум бўлган. Масалан, “Регион Ойл” фирмаси бир неча йил ичида қарийб 466 миллион сомлик мазут сотиб олган. Заводдан дизель ёнилғисини Тай-Мурас Ташиевга тегишли фирма олиб, кейинчалик уни Жалолобод вилоятидаги муниципал корхоналарга сотгани бўйича ҳолатлар ўрганилган.
Ташиевнинг қариндошлари харидоргир бўлмаган AI-80 бензини ва нафтани сотиб олишга қизиқиш билдирмаган, шу сабабли завод уларни мамлакатнинг йирик нефть трейдерлари – “Альфа Ойл” ва “Партнер Нефть”га сотишга мажбур бўлган.
Ушбу схемалар Қамчибек Ташиевнинг жияни Бойғози Матисоқов “Қирғиз Петролеум Компани” (ҚПК) нефтни қайта ишлаш заводига раҳбарлик қилган даврда ишлаган. Ҳозирда қандай қилиб шўъба корхона директори “Қирғизнефтгаз” ОАЖ томонидан қазиб олинган хомашёни тақсимлаш билан шуғуллангани аниқланмоқда.
Тизимнинг инқирозли ҳолатини “Қирғизнефтгаз” ОАЖнинг янги раҳбари Самсали Четимбоев тасдиқлаган.
“Агар хомашёни ўзимиз қайта ишлаб сотганимизда, фойда анча кўп бўлар эди. Қайта ишлашдан воз кечиш – бу “Қирғизнефтгаз” манфаатларига мутлақо зид бўлган хатодир. Мен иш бошлаганимда компания ҳисобида бор-йўғи 1 миллион 200 минг сом маблағ бор эди. Иш ҳақидан қарзларни ёпиш учун жуда қийналдик. 10 мартдаги тайинловимдан сўнг зўрға бир ойлик маошларни тўлай олдик”, дейди Четимбоев.
Ҳозирги вақтда ушбу занжирда иштирок этган хусусий компанияларнинг аксарияти ўз фаолиятини тўхтатган ёки изоҳ беришдан қочмоқда. Солиқ органлари миллий бюджетга етказилган зарарнинг якуний кўламини аниқлаш учун текширувларни давом эттирмоқда.
Ташиев истеъфоси
Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси