Россиядан яширинча наркотик олиб келган шахс ушланди (видео)

Жамият

image

Россия Федерациясидан Ўзбекистонга “Газель” русумли транспорт воситаси учун мўлжалланган узатмалар қутиси (коробка передач) ичига хуфиёна тарзда яширилган ҳолда олиб келинаётган наркотик модда тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида жойлашган “Навоий” чегара божхона пости орқали Қозоғистон Республикасидан кириб келган “Лада Ларгус” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда текширувдан ўтказилган. Кўрик давомида автомашина юкхонасида сақланаётган, “Газель” русумли транспорт воситаси учун мўлжалланган узатмалар қутиси (коробка передач) ичига хуфиёна тарзда яширилган ҳолда 5 дона ўрамда жойланган, умумий оғирлиги 2 кг 300 грамм бўлган “мефедрон” синтетик наркотик моддаси аниқланган.

 

Автомашинани Бухоро шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро бошқарган. У “Ўзбекистон – Россия” йўналишида киракашлик билан мунтазам шуғулланиб келган. Фуқаро ушбу автоэҳтиёт қисмни Тошкент вилоятида кутиб турган, 2000 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган шахсга етказиб бериши керак бўлган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, гўё ҳеч нарса бўлмагандек автомашина қўйиб юборилган ва у кузатув остига олинган. Шундан сўнг, буюртмани қабул қилиб олаётган вақтда иккинчи шахс (заказчик) ҳам қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ҳамда 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда наркотик савдоси учун ташкил қилинган Telegram-бот фош этилгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия қамоқ наркотик модда мефедрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг