Бердимуҳамедовларни танқид қилган яна бир йигит экстрадиция қилинди

Олам

image
Бердимуҳамедовлар яна битта “учар сарой” буюртма қилди north_east

Бердимуҳамедовлар яна битта “учар сарой” буюртма қилди

Туркманистон илтимосига биноан Россия ашхободлик Саддам Ғуломовни экстрадиция қилди. Бу ҳақда “Turkmen news” хабар берди.

Бу йигит Туркманистон ҳукумати ва шахсан собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовни озиқ-овқат ва иқтисодий инқироз учун очиқ танқид қилганлардан бири эди. У ҳукуматнинг мамлакатда коронавирус борлигини инкор этгани ҳамда унинг оқибатларини яширганини кескин танқид остига олган. Мамлакат хавфсизлик идораларидан биридаги манбага кўра, Ғуломов 2024 йилда ўз ватанида узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У ва яна бир судланган фаол қамоқхона колониясида ноқонуний равишда бир кишилик камерада сақланмоқда.

Саддам Ғуломов Россияда театр ва кинода ролларни ижро этиш орқали тирикчилик қилган. У катта эҳтимол билан 2023 йилнинг охири ёки 2024 йилнинг бошида ватанига депортация қилинган. Нашрга кўра, Ғуломов 2024 йилнинг баҳорида судланган, бироқ айблов ва ҳукмлар номаълум.

Хабарда ёзилишича, фаол ижтимоий тармоқларда Бердимуҳамедов режимини очиқ танқид қилиб, уни диктатор ва ўғри деб атаган. У ватандошларини қўрқоқликни четга суриб, Бердимуҳамедовга сиғинишни бас қилишга чақирган.

2020 йилда Туркманистондаги бир қатор воқеалар ва ҳукуматнинг жавоб қайтармагани жамоатчиликнинг сиёсатга қизиқишини уйғотди. Хорижда бирин-кетин сиёсий ҳаракатлар, фуқаролик жамияти фаоллари пайдо бўла бошлади. Улар ижтимоий тармоқларда долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашди ва одамларни бирлашишга чақирди.

Туркманистон махсус хизматлари сиёсий ва фуқаролик фаоллигини намойиш этганларни диққат билан кузатиб борди ва пандемиядан кейин чегаралар қайта очилганда Бердимуҳамедовнинг деярли барча танқидчилари уйларига мажбуран қайтарилди. Фарҳод Мейманқулиев, Равшан Қиличев, Мардон Муҳамедов, Умид Қўзибоев, Даврон Имомов ва Мақсад Боймуродов ҳамда яқинда Алишер Сахатов билан Абдулла Орусов Туркиядан чиқариб юборилди. Баъзи фаоллар Европа Иттифоқи мамлакатларига бориб, у ердан сиёсий бошпана сўрашга муваффақ бўлди.

Россиядан чиқариб юборилганлар бўйича ҳозиргача фақат иккита ҳолат маълум эди. Улардан бири Озод Исоқов – Бердимуҳамедов режимининг танқидчиси, 2021 йилда Москвада ғойиб бўлган. У аввалроқ хавфсизлик кучларидан яширинганини даъво қилиб хабар юборган, кейинроқ Россия Ички ишлар вазирлиги бу одам Туркманистонга “қайтиб кетгани”ни маълум қилганди. 2023 йилда ватанига депортация қилинган. Маликберди Алламуродов исмли фаол эса расмийларни талабалар учун валюта конвертацияси бўйича қаттиқ чекловлар сабаб танқид қилган. 2021 йилда у Россиянинг Элиста шаҳрида вақт ўтказди. Битта пикет уюштирди, фаоллар гуруҳига қўшилди ва кейин YouTube блогини бошлади.

2023 йилнинг декабрь ойи бошида йигит ғойиб бўлди ва 12 декабрь куни унинг оиласига ҳам Россиядан “кетгани” ҳақида хабар берилди. Алламуродов кейинчалик Туркманистонга бориб, у ерда судланган.

Россиядан қайтарилганлар рўйхатига энди Саддам Ғуломов ҳам қўшилди. Нашр унинг Маликберди Алламуродов билан умумий режимдаги LB-E/12 қамоқхонасида ноқонуний равишда бир кишилик камерада сақланаётганини ёзган.

Фаоллардан бири Мурат Душемов тўғридан тўғри Туркманистонда туриб “Арқадағ” сиёсатини танқид қилди. У 2021 йилда сохта айбловлар билан тўрт йилга қамалган ва озодликка чиқишидан бироз аввал бошқа маҳбусни калтаклаганликда айбланиб, қамоқхона колониясида яна бир провокацияга учраган. Жорий йилнинг 16 сентябрь куни суд уни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Айни дамда Душемов Сейди шаҳридаги қаттиқ тартибли LB-E/11 колониясига ўтказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон Саддам Ғуломов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг