Трамп Пентагонни Уруш вазирлиги деб қайта номламоқчи
Олам
−
05 Сентябрь 2025 3499 2 дақиқа
Бугун, 5 сентябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Пентагонга “Уруш вазирлиги” деб ном бериш ҳақидаги фармонни имзолаши мумкин. Бу ҳақда Оқ уйдаги аноним манбага таяниб, “Fox News” телеканали хабар берди.
Оқ уйнинг ахборот бюллетенига кўра, фармонда Мудофаа вазирлиги учун қўшимча ном сифатида “Уруш вазирлиги”дан фойдаланиш белгиланган. Шунингдек, телеканалнинг хабар беришича, Мудофаа вазири Пит Ҳегсет учун “уруш вазири” атамаси қўлланилиши кўзда тутилган.
Фармон, шунингдек, Ҳегсетга вазирлик номини доимий равишда “АҚШ Уруш вазирлиги” қилиб мустаҳкамлаш учун ҳам қонунчилик, ҳам ижроия чораларини таклиф қилишни топширади.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг июнь ойидаёқ Трамп АҚШ Мудофаа вазири лавозимини “Уруш вазири” деб қайта номлаш эҳтимолини тилга олган.
“Аслида, агар Оқ уй ёнидаги эски бинога қарасангиз, у ерда аввал “Уруш вазири” деб ёзилганини кўрасиз. Кейин биз сиёсий жиҳатдан тўғри бўлиши учун уни Мудофаа вазири деб атадик. Билмайман, балки бу масалани қайтадан кўриб чиқишимиз керакдир”, деган ўшанда Трамп.
“Fox News”нинг қайд этишича, якуний тасдиқ учун фармонга Конгресснинг аралашуви керак бўладими, йўқми, ҳозирча номаълум. Чунки Федерал ижроия департаментларини ташкил этиш ҳуқуқи Конгрессга тегишли.
Маълумот учун, АҚШ ўзининг ҳарбий идораси учун “Уруш вазирлиги” номидан 1949 йилгача фойдаланган, кейинчалик у 1947 йилги Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунга киритилган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Мудофаа вазирлиги деб қайта номланган.
Live
Барчаси