Россиядаги ҳарбий завод портлади. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
15 Август 2025 18284 2 дақиқа
Россиянинг Рязан вилоятида жойлашган “Эластик” заводининг қурол-яроғ ишлаб чиқариш бўлимида кучли портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бўлим биноси тўлиқ вайрон бўлди ва ёнғин чиқди. Бу ҳақда бугун, 15 август куни Рязан гуруҳи тезкор гуруҳи хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, камида 5 киши ҳалок бўлган, яна 20 киши турли даражада тан жароҳати олган. Жабрланганлар орасида корхона ишчилари ва воқеа жойида бўлган техник ходимлар бор.
Гувоҳларнинг айтишича, портлаш жуда кучли бўлиб, овоз бир неча километр масофадан эшитилган. Ёнғин хавфсизлик хизматлари зудлик билан воқеа жойига етиб борган, аммо ёнғин юқори ҳарорат ва портловчи моддалар туфайли тез тарқалган. Ҳозирча ёнғин тўлиқ ўчирилган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолганлар бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
“Эластик” заводи 1962 йилда очилган бўлиб, Совет даврида авиация ўқ-дорилари ишлаб чиқаришда монополист корхона ҳисобланган. Мустақилликдан кейинги йилларда ишлаб чиқариш ҳажми камайиб, 2015 йилда корхона банкрот деб топилган. Шундан сўнг, унинг бинолари ва қурол-яроғ ишлаб чиқариш лицензиялари хусусий “Разряд” компаниясига ўтган. Бу компания портловчи моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва утилизация қилиш бўйича рухсатномага эга.
Бу заводда аввал ҳам катта фалокатлар юз берган. 2021 йилда технологик жараён бузилиши оқибатида содир бўлган портлашда 17 киши ҳалок бўлган ва кўплаб ишчилар жароҳатланган.
Ҳозирги воқеа бўйича Россия Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатган. Ҳодисага технологик интизомнинг бузилиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги ёки инсон омили сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Мутахассислар портлаш сабаблари ва зарар миқдорини аниқламоқда.
Жаҳонгир Болтабоев
Live
Барчаси