Исроил Ғазо марказида қуруқлик ва ҳаводан операция бошлади
Олам
−
21 Июль 2025 2345 3 дақиқа
Исроил кучлари бугун, 21 июль куни Ғазонинг марказий қисмидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳрида 20 ойдан ортиқ вақт давомида ҳеч қандай жанговар жанг бўлмаган ҳудудда қуруқликдан ва ҳаводан операция бошлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Операция тинч аҳолини кўчиришнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди, жумладан, деярли икки йиллик можаро туфайли кўчирилган кўпчиликни. Операция бугун, 21 июль куни эрта тонгда, исроиллик ҳарбийлар шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги олти маҳалла аҳолисини эвакуация қилишни буюрганидан бир неча соат ўтиб бошланди. Бу ҳудуд ҳозирда Ғазо жанубидаги Рафаҳ ва Хон Юнусдан келган минглаб қочқинларга мезбонлик қилмоқда.
Кеча, 20 июль куни исроиллик ҳарбийлар Дайр ал-Балаҳ жануби-ғарбидаги юз минглаб ғазоликлар бошпана олаётган бир қанча маҳаллалар аҳолисига уйларини тарк этиб, жануб томон йўл олишларини буюрган варақаларни ҳаводан улоқтирди. Исроил армияси матбуот котиби Авичаи Адраеи Х ижтимоий медиа платформасидаги постида Исроил Дайр ал-Балаҳ атрофида, жумладан, “илгари амалиёт ўтказмаган ҳудудда“ “фаолиятини кенгайтираётганини” ёзди. У фаластинликларни хавфсизлиги учун Ўртаер денгизи соҳилидаги “жанубдаги ал-Маваси ҳудудига кўчишга” чақирди.
Маҳаллий журналистларнинг айтишича, Исроил танклари ва ҳарбий машиналари артиллерия ва самолётлар ниқоби остида Кисуфим назорат пункти орқали шаҳарга кирган. Ижтимоий тармоқларда Исроил қўшинлари олдинга силжиш пайтида портлашлар ва отишмалар акс этган видеолар пайдо бўлди.
BBC'нинг минтақадаги мухбирларига кўра, кеча эълон қилинган эвакуация буйруғи қочқинлар орасида кенг ваҳима уйғотган. Аҳоли янги ҳужум Исроилнинг Дайр ал-Балоҳни анклавнинг марказий ҳудудидан ажратиб турадиган янги ҳарбий йўлак яратиш режасининг бир қисми бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Исроил манбаларининг билдиришича, армия шу пайтгача ҳудудларга кирмаган, чунки у ерда ҲАМАС гаровга олинганларни сақлаши мумкинлигидан шубҳаланган. Ғазода гаровга олинган 50 нафар исроилликдан камида 20 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.
ЦАХАЛ операцияси қолган гаровга олинганларнинг оилалари орасида ҳам хавотир уйғотган, улар ҳам яқинлари ҳудудда сақланмоқда, деб ҳисоблайди ва операция оқибатида уларга зарар етишидан қўрқади. 19 июль куни гаровга олинганларнинг оилалари Исроил ҳукуматини “Исроил фуқаролари ва оилаларига зудлик билан уруш режаси нима эканини ва Ғазодаги ўғирланганларни қандай ҳимоя қилишини тушунтиришга” чақирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар ёрдам агентлиги эвакуация ҳақидаги буйруқни Ғазодаги гуманитар саъй-ҳаракатларга “яна бир ҳалокатли зарба” деб атади. БМТ маълумотларига кўра, Дайр ал-Балаҳда гуманитар омборлар, тиббий клиникалар ва муҳим сув инфратузилмаси каби ўнлаб муҳим объектлар мавжуд.
“Ушбу инфратузилмага етказилган ҳар қандай зарар ҳаёт учун хавфли оқибатларга олиб келади. Янги операция Дайр ал-Балаҳни ёриб юборади ... бу секторни янада парчалайди, бу гуманитар гуруҳларнинг Ғазо бўйлаб хавфсиз ва самарали ҳаракат қилиш қобилиятини чеклайди”, дея огоҳлантирди БМТ.
Live
Барчаси