Америкалик дипломатларга сайловларга изоҳ бериш тақиқланди
Олам
−
19 Июль 2025 1322 2 дақиқа
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бутун дунё бўйлаб хизмат қилаётган америкалик дипломатларга хорижий давлатларда ўтказилаётган сайловлар борасида изоҳ беришни тақиқлади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг ички хабарномасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Мазкур ҳужжатда Давлат департаменти энди хориждаги сайловлар АҚШнинг “аниқ ва ишончли ташқи сиёсий манфаатларига” хизмат қилмаса, улар юзасидан расмий баёнотлар ёки ижтимоий тармоқлардаги постларни эълон қилмаслиги билдирилган. Хабарномада айтилишича, бундай мавзуларга оид баёнотлар фақат Давлат котибининг ўзи ёки департаментнинг расмий вакили томонидан берилиши мумкин. Шунингдек, бошқа ҳар қандай америкалик дипломатларга юқори раҳбариятнинг бевосита розилигисиз бу мавзуда баёнотлар бериш тақиқланган.
“Баёнотларда муайян давлатдаги сайлов жараёнининг адолатлилиги ёки ҳалоллигига, унинг қонунийлигига ёки демократик қадриятларига баҳо беришдан тийилиш керак”, дейилади хабарда.
Давлат департаментининг исми ошкор этилмаган вакилига кўра, бу ёндашув АҚШ маъмуриятининг “миллий суверенитетга урғу беришга” асосланган янги ташқи сиёсат тамойилига мувофиқ жорий этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фирибгарлар сунъий интеллект дастурий таъминотидан фойдаланиб, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ниқоби остида юқори мартабали хорижий дипломатлар ва Америка расмийлари билан бир неча бор боғлангани ҳақида хабар берилганди. Учта Ташқи ишлар вазири, АҚШ штатларидан бирининг губернатори ва АҚШ Конгрессининг бир қонун чиқарувчиси фирибгарлик ҳаракатлари қурбонига айланган.
Live
Барчаси