Устига метеорит қулаган, самолётдан отилиб кетган, Apple’дан воз кечган ва икки ядровий қурол портлашидан жабрланган – дунёдаги энг омадсиз одамлар

Бу қизиқ

image

Ким учундир қўлёзмага қаҳва тўкилиб кетиши, қаттиқ дискнинг ишдан чиқиши ёки автобусга улгурмаслик ростакамига омадсизликдек туюлиши мумкин. Аммо бугунги мақолада келтирилган шахслар ва уларнинг бошдан кечирганлари билан танишсангиз, дунёда ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмайдиган даражада омадсиз инсонлар борлигига ишончингиз комил бўлади. Қуйидаги ғайриоддий бахтсиз ҳодиса ва тасодифлар нафақат кутилмаган, балки бироз кулгили ҳам.

Фрейн Селак – етти марта ўлим билан юзлашган одам

Агар интернет қидирув тизимларига “дунёдаги энг омадли одам” ёки аксинча “энг омадсиз одам” калит сўзларини киритсангиз, ҳар икки сўровда ҳам бир шахс – Фрейн Селак пайдо бўлади. Ҳа, ҳаёти давомида Фрейнга етти марта ўлим чанг солгани учун – у энг омадсиз одам. Пировардида, барча хавфдан омон қолгани учун эса энг омадли одам ҳам ҳисобланади. Фрейн Селак бошидан қуйидаги бахтсиз ҳодисаларни ўтказган:

1. 1962 йилда поезд ҳалокати. Фрейн ўтирган поезд қорли дарадан ўтаётган вақтда рельсдан чиқиб кетиб, дарёга қулаган. Оқибатда, 17 киши ҳалок бўлган. Фрейн эса синган қўл ва совуқ уриш (гипотермия) билан омон қолган.

2. 1963 йилда самолёт портлаши. Орадан бир йил ўтиб, у учаётган шаҳарлараро самолётда техник носозлик туфайли эшик очилиб кетиб, Фрейн самолётдан учиб чиқиб кетган. Самолёт қулаб тушиб, 19 киши ҳалок бўлган. Фрейн эса мўъжизавий тарзда бир тўқайдаги сомон уюмига тушиб, ҳушсиз ҳолатда топилган.

3. 1966 йилда автобус ҳалокати. Бу сафарги бахтсиз ҳодисада ҳам у йўлда кетаётган эди, фақат бу гал автобусда. Фрейн ўтирган автобус тўсатдан йўлдан чиқиб, дарёга тушиб кетган. Тўрт йўловчи чўкиб кетган, лекин Фрейн енгил жароҳатлар билан яна омон қолган.

4. 1970 йилда автомобиль портлаши. Жамоат транспортларидаги авариялардан чарчаган Фрейн шахсий автомашинасида ҳам ўлимга юзлашган. У ҳайдаб кетаётган машина тўсатдан оловга бурканади, қаҳрамонимиз қочишга улгуради, орадан кўп ўтмай, бензин бак портлайди.

5. 1973 йилда иккинчи автомобиль ёнғини. Орадан уч йил ўтиб, Фрейннинг навбатдаги машинасида ёқилғи насосидаги носозлик сабабли қизиган ёғ машина ичига пуркалади ва у ёниб кетади. Фрейн бу сафар ҳам омон қолади, фақат бошидаги сочлари куяди.

6. 1995 йилда автобус уриши. Кўп марта транспортда авария бўлган Фрейн пиёда юрганида ҳам “тинчимади”. Кўчада пиёда кетаётган 66 ёшли Фрейнни автобус уриб юборади. Шунга қарамай, у фақат енгил жароҳатлар билан қутулади.

7. 1996 йилда машинанинг қояликдан қулаши. Бу худди кинолардагидек воқеа бўлган. Фрейн тоғли йўлда машина ҳайдаб кетаётганида юк машинасини қувиб ўтишга ҳаракат қилиб, бошқарувни йўқотади. Машина йўл четидаги тўсиқдан ўтиб, 90 метр баландликдан қулайди. Аммо Фрейн хавфсизлик камарини тақмагани сабабли, машинадан отилиб чиқади ва мўъжизавий тарзда бир дарахтга осилиб қолади.

Генри Зигланд. Унга отилган ўқ 20 йил ўтгач, тегди

Генри Зигланд – техаслик яна бир дунёдаги энг омадсиз одам. У бир қизни алдаб кетади, қизнинг акаси қасос олишга қарор қилади ва Зигланднинг фермасига бориб, унга ўқ узади. Аммо ўқ унга эмас, дарахтга санчилади. Ўша пайтда Зигланднинг омади келганди, лекин кейинчалик...

Орадан 20 йил ўтиб, Генри ўша дарахтдаги ўқни топиб олади ва уни портлатишга қарор қилади. У портловчи моддани дарахтда қолдириб, ўт қўяди. Бироқ, портлаш вақтида ўқ дарахтдан чиқиб, Генрининг бошига тегади ва уни ўлдиради. Шундай қилиб, бу ўқ ўзи аталган инсонни топади.

Мелани Мартинес – 5 марта уйини довул вайрон қилган аёл

Америкалик Мелани Мартинесни етарлича омадсиз аёл деса бўлади. Гап шундаки, 50 йил Луизианада яшаб, мактаб автобуси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган бу аёл штатдаги об-ҳаво инжиқликлари туфайли беш марта уйидан айрилган, тўғрироғи, довуллар унинг уйини вайрон қилган. Шундай қилиб, Мелани довуллар туфайли энг кўп уйидан айрилган инсон сифатида ғаройиб рекорд ўрнатган.

Жеймс Хауэллс – 800 миллион долларлик биткоинни чиқиндига ташлаб юборган эркак

Тасаввур қилинг, 8 000 биткоин сотиб оласиз, лекин у сақланган қаттиқ дискни адашиб чиқиндига ташлаб юборасиз... Айнан шундай воқеа Жеймс Хауэллс билан содир бўлган. У ҳозирда Ньюпорт шаҳри маъмурларидан полигонни ковлаб, ўз дискини топишга рухсат сўрамоқда. Аммо унинг илтимослари рад этилган.

Бугунги кунда бу биткоинлар қиймати 800 миллион доллардан ошган. У бой бўлиши мумкин эди, аммо омадсизликка йўлиқди.

Рой Салливан – етти марта чақмоқ урган одам

Яшин урган одамни учратганмисиз? Фақат бир марта эмас, балки етти марта! Рой Салливан исмли эркакни 1969 йилдан 1973 йилгача бўлган вақт мобайнида нақд етти марта яшин урган. Статистикага кўра, одамни яшин уриш эҳтимоли ярим миллиондан бирга тенг. Энди ўйлаб кўринг, бир одамни етти марта чақмоқ уриши учун у қанчалик омадсиз бўлиши керак?

У Гиннеснинг Рекордлар китобига энг кўп яшин уришидан омон қолган инсон сифатида киритилган.

Шунга ўхшаш ҳолат Уолтер Саммерфорд исмли кишининг бошидан ҳам ўтган. Уни тўрт марта яшин урган. Фақат тўртинчи мартасида чақмоқ унинг қабрига тушган! Ҳатто вафотидан кейин ҳам омадсизлик уни тарк этмаган, деса бўлади.

Рональд Уэйн – Apple’даги улушини сув текинга сотган муассис

Стив Жобс ва Стивен Возняк Apple асосчилари сифатида машҳур бўлса-да, учинчи ҳаммуассис – биринчи логотипни лойиҳалаган ва техник маслаҳатлар берган Рональд Уэйн унчалик танилмаган.

Аммо у Apple компаниясига қўшилганидан атиги 12 кун ўтиб, ўзининг 10% улушини атиги 800 доллар эвазига сотиб юборган. 2017 йилдаги интервьюсида бу қароридан афсусланмаслигини айтган, чунки у компьютерларни ёқтирмаган ва ҳаттоки Apple маҳсулотига ҳам эга эмас.

Шунга қарамай, ҳисоб-китобларга кўра, агар у улушни сақлаб қолганида, бугунги кунда бунинг қиймати 200 миллиард доллардан ошган бўларди. У бугун дунёдаги энг бой одамлардан бири бўлиши мумкин эди. Ўзи тан оладими ёки йўқ, шошилинч қарори уни тарихдаги энг омадсиз инсонлардан бирига айлантирди.

Адольф Сакс – болалигида уч қават бинодан тушиб кетган ихтирочи

Саксофон ихтирочиси Адольф Сакс ҳаёти кетма-кет кулфатлар билан тўла бўлган. Масалан, гўдаклик пайтида уч қаватли бинодан тушиб кетган. Уни ҳамма ўлган деб ўйлаганди, аммо у тирик қолган. Уч ёшида сульфат кислотани сут деб ичиб юборган. Кейинчалик эса игна ҳам ютиб юборган. Бўлажак ихтирочи болалигида анча тўполончи бўлган. Иссиқ печка устига йиқилиб, танасининг катта қисмини куйдириб олган. Ўн ёшида эса дарёда чўмилаётганида боши билан тошга тушган. Аммо бундан ҳам, кейинроқ отасининг устахонасида юз берган портлашдан ҳам омон қолган.

Онаси уни “омадсизлик тимсоли” деб ҳисоблаган ва узоқ яшамаслигига ишонган. Аммо Адольф Сакс тирик қолиб, саксофонни ихтиро қилган.

Цутому Ямагути – икки ядровий қурол портлашида ҳам жабрланган эркак

29 ёшида Цутому Ямагути атиги уч кун ичида икки марта ўлимдан қолган. У Иккинчи Жаҳон уруши даврида Япониядаги иккала атом портлашидан тирик қолган ягона тасдиқланган одамдир.

Ямагути Хиросимада содир этилган портлаш марказидан атиги икки миль (3 кмдан ортиқ) узоқликда бўлган. Қулоғи жароҳатланган, куйишлар олган. Қанчалик ишониш қийин бўлмасин, унинг омон қолиши илмий ҳақиқат ва омаднинг чиройли комбинациясидир. Орадан уч кун ўтиб, у Нагасакига қайтган ва яна ядровий қурол портлашига дуч келган. Бу сафар ҳам у тирик қолган.

Уни қандай аташ баҳсли: бир одам тарихда юз берган икки марталик ядро қуроли портлашида ҳам иштирок этиб қолгани учун омадсизми ёки омон қолгани учун омадлими?

Унга “нижу хибакуша”, яъни “икки марта портлашдан омон қолган” унвони берилган. “Қирқ йил қирғин келса ҳам, ажали етган ўлади” деганларидек, Ямагути икки марта энг йирик даҳшатга дуч келган бўлса-да, 93 йил умр кўрган.

Анна Хожес – устига метеорит тушган аёл

Анна Хожес – метеорит тошидан зарба олиб омон қолган тарихдаги биринчи ҳужжатлаштирилган инсон. Америкалик бу аёл кеч кузнинг салқин кунида уйида дам олаётган пайти осмондан тушган метеорит томни тешиб ўтиб, унинг устига тушади. Аммо ўзи жиддий жароҳат олмайди, қаттиқ оғриқ ва узоқ муддатли кўкаришларни инобатга олмаганда.

Кейинги ўрганишларда бу метеорит 4,5 миллиард йиллик тахминан 3,8 кг оғирликдаги сайёралараро учар тош экани маълум бўлган.
Бу воқеа Хожесни дунёдаги энг бахтсиз одамлар қаторига қўшадими ёки у аслида фавқулодда омадли инсонми? Бу ҳам баҳсли.

Бирор нарса учун ўзингизни омадсиз деб аташдан олдин, устингизга метеорит қуламаганини инобатга олинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Фрейн Селак Цутому Ямагути энг омадсиз одамлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар