Қўлдан қўлга ўтаётган қудрат – 4 йилда 4 марта ўзгарган Президент Администрацияси
Таҳлил
−
01 Июль 15063 9 дақиқа
Президент Администрацияси. У Янги Ўзбекистондаги энг қудратли, чексиз имкониятларга эга тузилма ва доимий эътибор марказида. Ҳар йили бирор ўзгаришга юз тутадиган идора. 2018 йилда ташкил этилган Янги Президент Администрацияси аслида 1991 йилдан мавжуд бўлса-да, у турли йилларда турлича номланган – халқ тилида асосан Президент Аппарати, Президент Девони номлари кўп тарқалган. Иккинчи маъмурият давригача ташкилот ҳақида гап очилганда фақатгина саноқли одамлар, у, айниқса, Зелимхон Ҳайдаров ва Хайриддин Султонов номи билан тилга олинар эди. Султонов маслаҳатчилардан бири, Ҳайдаров эса ишлар бошқарувчиси бўлган, холос.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган тузилма 2020 йилдан 2025 йилгача ўтган 5 йил давомида 5-марта ўзгаришга юз тутди. Уни бугунгача Зайнилобиддин Низомиддинов, Сардор Умурзоқов, Азиз Мағрупов бошқарди. Навбат эса Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёевага. Бугун шулар ҳақида гаплашамиз.
2018 йилдан Президент Девонидан Президент Администрациясига ўзгартирилган тузилмада яна Хайриддин Султонов маслаҳатчи ва спичрайтер лавозимини ўзида сақлаб қолди. Зелимхон Ҳайдаров эса Молия-хўжалик департаменти раҳбари лавозимига тайинланди. 24 йил давомида собиқ Миллий хавфсизлик хизмати раиси бўлган Рустам Иноятовга эса Президентнинг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими топширилди. Президент Администрацияси раҳбари лавозимига эса Зайнилобиддин Низомиддинов, Азиз Мағрупов, Алишер Пайгамов, Комил Алламжонов Администрация раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган.
Ушбу ўзгаришлардан бир ой ўтиб, 2018 йилнинг 3 октябрь куни Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент Матбуот котиби Комил Алламжонов лавозимидан озод этилди. Орадан икки ой ўтиб, 28 ноябрь куни Алламжонов ўша вақтдаги Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги директори лавозимига тайинланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 февралда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан тузилма Президент Администрацияси ҳузурига ўтказилди ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги дея қайта номланди.
Ўша йилнинг 12 апрель куни агентликда Администрация раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида йиғилиш ўтказилиб, Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева директор ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу кундан Алламжонов ва Мирзиёева тандеми старт олди ва уларнинг АОКАдаги илк қадамлари анчайин муваффақиятли бўлди. Алламжонов ва Мирзиёева раҳбарлик чоғида ўзларини мамлакатда матбуот ва сўз эркинлигининг ҳимоячилари, журналист ва блогерлар ҳуқуқлари посбонлари сифатида тамсил эта олди, журналистлар билан дўстона мулоқот муҳитини йўлга қўйди. Улар даврида журналистлар ва давлат ташкилотлари ўртасидаги кўринмас деворлар йўқолгандек бўлди, давлат ташкилотларига матбуот котиблари тайинланди, уларнинг мавқеи оширилди. Журналистларга нисбатан тазйиқ, таҳдид, туҳмат ва босимлар сезиларли камайди, мавжуд ҳолатларга кўз юмилмай, идораларда муҳокама қилинишига сабаб бўлди. Улар даврида мамлакат сўз эркинлиги бўйича рейтингларда юқорилади. Матбуотда танқидий руҳдаги материаллар сони анчайин ортди.
Аммо уларнинг АОКАдаги фаолияти узоққа бормади. Тайинловдан 10 ой ўтиб, 2020 йилнинг 29 январь куни яна АОКАда ва яна Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида йиғилиш ўтказилиб, Алламжонов ва Мирзиёеванинг ихтиёрига биноан улар лавозимидан озод этилгани айтилди.
Орадан икки кун ўтиб, 31 январдан Алламжонов ва Саида Мирзиёева янги ташкил этилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ва ўринбосари лавозимида иш бошлади.
Аслида Президент Администрациясидаги катта ўзгаришлар силсиласининг дебочаси 2021 йилга бориб тақалади. Ўша йилнинг 24 март куни анча вақтгача Комил Алламжоновдан кейин бўш қолган ва бирмунча вақт Оммавий ахборот воситалари, телевидение ва матбуотни ривожлантириш шуъбаси мудири Дилноза Зиёмуҳамедова томонидан бошқарилган Президент матбуот хизмати раҳбарлигига эга топилди. Шу куни Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Асадов Президент Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби лавозимига тайинланди. Ўшанда Алламжонов ушбу тайинловга изоҳ бериб, тайинлов фақат яхшиликка хизмат қилишини урғулаганди ва Шерзод Асадовни “тажрибали, халқаро ташкилотлар талабларини яхши тушунадиган етук кадр”, дея эътироф этганди.
2022 йилда Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича референдум ўтказилиши белгиланди ва тартиб-таомилга кўра, янги таҳрирдаги Конституция халқ муҳокамасига қўйилди. 1-2 июль кунлари эса Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар, хусусан, Қорақалпоғистоннинг автоном республика мақоми олиб ташланаётгани бўйича оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Унда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ушбу воқеалар фонида Нукусга етиб борган Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Бош прокуратура содир этилган қўпорувчилик ҳаракатлари сабабли Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатди.
Норозилик чиқишларидан 5 кун ўтиб, 8 июль куни Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов лавозимидан озод этилди. Низомиддинов ишдан Нукус воқеалари учун бўшатилгани расман тасдиқланмаган бўлса-да, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик томонидан шундай тахмин қилинди. Бироқ Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов унинг истеъфосини саломатлигидаги муаммолар билан изоҳлади. Аммо Низомиддиновнинг Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлашга панд берган саломатлиги ўша куннинг ўзида Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари лавозимини эгаллашига тўсқинлик қилмади.
Низомиддиновдан бўшаган ўрин ҳам узоқ вақт бўш қолмади. Бир ҳафта ўтиб, унинг янги эгаси чиқди. Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида ишлаб келаётган Сардор Умурзоқов 16 июль куни Президент Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди.
Умурзоқов ушбу лавозимда иш бошлаганидан кейин эса атрофида ўз командасини тўплашни бошлади ва 23 июнь куни Суннатилла Бекенов Администрация раҳбарининг ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Саидлазиз Саидкаримов 24 август куни Администрациянинг Назорат инспекцияси бошлиғи ўлароқ иш бошлади. 2 ноябрь куни Улуғбек Қурбонов Администрация раҳбари ўринбосари – Президент протоколи раҳбари лавозимига тайинланди.
Сардор Умурзоқов Президент Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланганидан 10 кун ўтиб, 26 июль куни Комил Алламжонов яна Администрацияга қайтди ва идора раҳбарининг ўринбосари лавозимида иш бошлади.
Бу орада эса Саида Мирзиёева Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фондидаги фаолиятини давом эттирди. Орадан қарийб 4 ой ўтиб, 2022 йилнинг 14 ноябрь куни у ҳам Алламжонов ортидан Президент Администрациясида Ижро этувчи аппаратнинг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири лавозимида иш бошлади. Саида Мирзиёеванинг фаолияти эса мамлакатнинг хориждаги имижини ривожлантириш, халқаро ташкилотлар билан мулоқот ўрнатиш, маданият ва санъат, таълим, оммавий ахборот воситалари фаолияти, хотин-қизлар ҳуқуқлари, қўйингки, деярли барча соҳаларни қамраб олди. У 2023 йилнинг март ойида АҚШга борди, БМТда нутқ қилди. Президент Байден маъмурияти вакиллари билан учрашди, Давлат департаментида меҳмон бўлди. Ҳатто, Оқ уйга ҳам таклиф қилинди. Гарчи унинг АҚШ Президенти қароргоҳига боргани Президент Администрацияси томонидан очиқланмаган бўлса-да, бу сирни АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти Жозеф Байден ошкор қилди. 2023 йилнинг августида Жозеф Байден Президент Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, Саида Мирзиёевани Оқ уйда кутиб олиш шарафига муяссар бўлганидан мамнуният билдирди. Унинг аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни ҳимоя қилаётганини олқишлади.
Бу орада 7-8 ой Президент Администрацияси коридорларидан сас чиққани йўқ. Администрацияда 2023 йилнинг ёзига келиб оёқ товушлари эшитила бошлади. Июнь ойида Президент фармони билан Мансурбек Полвонзода Оллоёров Президентнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси – Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори этиб тайинланди. 17 август куни Суннатилла Бекенов Ҳусанович Президент Администрацияси раҳбари ёрдамчиси лавозимидан озод этилди. Худди шу куни Администрация раҳбари Сардор Умурзоқов лавозимидан олинди. Унинг истеъфоси лавозими тугатилиши билан изоҳланди. У шу куниёқ Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, 2023 йилнинг 25 август куни Президент Администрациясининг янги таркиби тасдиқланди ва унга кўра, Азиз Мағрупов, Саида Мирзиёева Президент ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Комил Алламжоновга эса янги таркибда ҳам қолиш, Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари бўлиш насиб қилди. Шунингдек, Шерзод Асадов ҳам Матбуот котиби лавозимини ўзида сақлаб қолди.
Янги таркибда Равшан Гулямов Иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича, Алишер Султонов Энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича, Шуҳрат Ғаниев Аграр ривожланиш масалалари бўйича, Музаффар Комилов Дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича, Ғофуржон Мирзаев Кадрлар сиёсати масалалари бўйича, Дониёр Қодиров Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимларига тайинланди.
Одил Абдураҳмонов Ижтимоий ривожланиш департаменти, Қаҳрамон Қуронбоев Ёшлар сиёсати департаменти, Алишербек Пайгамов Ташқи алоқалар департаменти, Нодиржон Абдураҳимов Режалаштириш ва ахборот таъминоти департаменти, Ўткиржон Қодиров Ҳудудлар билан ҳамкорлик қилиш ва таҳлилий материалларни тайёрлаш департаменти, Улуғбек Қурбонов Президент протоколи раҳбари, Саидлазиз Саидкаримов Назорат инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Бир вақтлар Президент матбуот хизматини бошқарган Дилноза Зиёмуҳамедова эса Президент ёрдамчиси котибияти мудири лавозимига тайинланди.
Яна бир йил Президент Администрациясида барқарорлик ҳукм сурди. Ҳамма ўз ўрнида, келган-кетган бўлмади. Сукунатни яна Комил Алламжоновнинг истеъфоси бузди. Янги таркибда иш бошлаганидан бир йил-у бир ой ўтиб, 2024 йилнинг 2 октябрь куни Алламжонов яна хусусий секторда фаолиятини давом эттирмоқчилиги важи билан Администрацияни тарк этди. Унинг галдаги кетишида эса Администрация тарихида кузатилмаган ҳолат қайд этилди. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева унга шахсан миннатдорлик билдириб, кузатиб қўйди ва Алламжонов-Мирзиёева суҳбати акс этган видео уларнинг саҳифаларида тарқатилди.
Алламжонов Президент Администрациясидан кетганидан бир ой ўтиб эса унга нисбатан суиқасд амалга оширилди. Бу воқеа тафсилотларига такроран тўхталиб ўтирмаймиз, зотан ҳаммасини яхши биласиз.
Суиқасд билан боғлиқ ҳолатларга аниқлик киритилиб, уни амалга оширганлар ҳам, буйруқ берганлар ҳам, яширишга уринганлар ҳам жазосини олиб бўлгач, Алламжонов яна Администрация коридорларида кўриниш бера бошлади. Президент Администрацияси томонидан Саида Мирзиёева фаолияти ҳақида тайёрланган туркум видеоларнинг иккитасида Комил Алламжоновни кўриш мумкин.
Орадан кўп ўтмай, унинг ушбу видеолардаги кўриниши сабаби аён бўлди. Гап шундаки, ўтган ҳафта – 23 июнь куни Президент фармони билан Администрация тузилмасига ўзгартиришлар киритилди ва Президент Администрацияси раҳбари лавозими ташкил қилинди. Ушбу лавозимга Саида Мирзиёева тайинланди. Алламжонов эса учинчи марта Администрацияда иш бошлаб, Мирзиёевага жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчи этиб тайинланди. Президент ёрдамчиси курсисини эгаллаб келаётган Азиз Мағрупов эса Президентнинг ташқи инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Мағруповдан бўшаган ўринда эса шу кунгача Президентнинг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Бекзод Мавлонов иш бошлади.
Юқоридаги хронология бироз чалкаш, бироқ ундан илғанадиган асосий нарса шуки, Президент Администрацияси раҳбарияти ва фаолият шакли 2022 йилдан буён деярли ҳар йили ўзгариб бораётганидир. Кўрамиз, келгуси ўзгаришлар қандай кечади?
Live
Барчаси