Трамп Ғазода яқин орада сулҳ тузилиши мумкинлигини айтди
Олам
−
28 Июнь 1758 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ғазо секторида сулҳга эришиш келаси ҳафтадаёқ амалга ошиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 27 июнь куни Оқ уйда журналистлар билан учрашувда маълум қилди.
“Кўп сўрашади ва менимча, бу жуда яқин. Мен ҳозиргина бу жараёнда иштирок этаётган баъзилар билан гаплашдим. Ғазода содир бўлаётган воқеа даҳшатли. Биз ўйлаймизки, кейинги ҳафта давомида ўт очишни тўхтатишга эришамиз. Биз бу ҳудудга, билганингиздек, кўп пул ва кўп озиқ-овқат етказмоқдамиз, чунки буни қилишимиз керак. Назарий жиҳатдан биз бунга аралашмаймиз, лекин амалда аралашяпмиз, чунки одамлар ўляпти”, дейди Дональд Трамп Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувига эришиш эҳтимоли ҳақида берилган саволга жавоб бераркан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил февраль ойида Дональд Трамп АҚШ Ғазо секторини эгаллаб олишга ва у ерда иқтисодий ривожланиш имкониятларини яратишга тайёрлигини билдирганди. Ўшанда у Ғазо аҳолисини бошқа давлатларга кўчириш таклифини илгари сурганди.
Кейинроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Трампнинг бу таклифини “аъло ғоя” деб атади. Исроил армияси эса кўчириш режасини ишлаб чиқишга киришди. Кўп ўтмай АҚШ томонидан Ғазодан фаластинликларни кўчириш мумкин бўлган Миср ва Иордания каби давлатлар номи эълон қилинди. Араб лигаси давлатлари эса Трампнинг бу таклифини рад этди.
Май ойи бошларида эса Исроил армияси Ғазо секторида ўз операцияларини “кучайтириш ва кенгайтириш” учун ўн минглаб захира аскарларни сафарбар қилишни бошлади. ОАВ маълумотларига кўра, хавфсизлик бўйича ҳукумат кенгаши ҲАМАСга қарши ҳужумни босқичма-босқич кенгайтиришни маъқуллаган.
Live
Барчаси