Мўғулистон бош вазири “эркатой” ўғли сабаб истеъфога чиқарилди

Олам

image

Мўғулистон пойтахтида икки ҳафта давомида бош вазир истеъфосини талаб қилиб ўтказилган норозилик намойишлари ортидан ушбу лавозим эгаси Лувсаннамсрайна Оюун-Эрдэне ўрнини бўшатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Мўғулистон парламентининг расмий сайтида эълон қилинди.

Парламентнинг йиғилиш баённомасига кўра, жорий йилнинг 3 июнь куни мамлакат бош вазири Лувсаннамсрайна Оюун-Эрдэне ишонч вотумида муваффақиятсизликка учраган – у зарур бўлган 64 та овоз ўрнига атиги 44 та овоз олган.

Ишонч резолюцияси тасдиқланмагани сабабли, Мўғулистон бош вазирининг истеъфоси масаласини кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Қарорга кўра, Оюн-Эрдэнега янги бош вазир тайинлангунга қадар ўз вазифасини бажаришда давом этиш топширилган.

“The Guardian” нашрининг маҳаллий ОАВга таяниб ёзишича, парламентдаги муваффақиятсизликдан сўнг бош вазир истеъфога чиққан. Мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонаси бу маълумотни нашр мухбирларига тасдиқлаган.

CNN’га кўра, ишонч резолюцияси бош вазирнинг икки ҳафталик норозилик намойишларидан сўнг обрўсини тиклашга уриниш бўлган. Ушбу норозиликларда, асосан, мамлакатнинг ёш фуқаролари иштирок этган.

Бош вазирни ҳокимиятдан четлатишга сабаб бўлган ҳолатни унинг 23 ёшли ўғли Темуулен ва келини Угумуур келтириб чиқарган. Жорий йил май ойининг ўрталарида Мўғулистонда интернет бўйлаб Угумуурнинг Instagram саҳифасидан олинган суратлар вирусдек тарқалди. У суратларда Угумуур 5 минг доллардан ошиқ турадиган блейзерни кийгани, 50 минг долларлик автомобилни ҳайдаётгани, 5 минг долларлик сумка кўтариб тургани, қимматбаҳо дўконларнинг пакетлари билан тургани, ҳашаматли унаштирув узуги таққани ва вертолётда сайр қилаётгани акс этган. 

Бош вазир девони молиявий фирибгарлик ҳақидаги айбловларни “мутлақо асоссиз” деб атаганига қарамай, норозилар икки ҳафта давомида деярли ҳар куни пойтахт Улан-Батордаги Ҳукумат саройи олдидаги марказий майдонга тўпланиб, Оюн-Эрдэненинг лавозимдан кетишини талаб қилган. Якунда эса ушбу ҳолат Оюун-Эрдэненинг истеъфога чиқишига сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёль ва унинг рафиқаси Ким Кеон Хи билан содир бўлган эди. Хусусан, 2023 йил охирида “Voice of Seul” YouTube каналида яширин камера орқали олинган видео эълон қилинган. Унда Ким 2022 йил сентябрь ойида 3 миллион вон (2200 доллар) миқдоридаги Dior сумкасини қабул қилгани акс этган. Ушбу ҳолат одамлар орасида норозиликларга сабаб бўлгандан сўнг Юн Сок Ёль узр сўраб чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мўғулистон бош вазир Лувсаннамсрайна Оюун-Эрдэне

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг