Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги навбат муаммоси ҳал қилинди
Олам
−
05 Июнь 5647 2 дақиқа
Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари чегара назорат-ўтказиш пунктларидаги автомобиль тирбандликлари муаммосини ҳал қилишга эришди. Бу ҳақда бугун, 5 июнь куни Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Тангриев кеча, 4 июнь куни кечқурун “Навоий” назорат-ўтказиш пунктидаги ҳолатни кўрсатган суратни эълон қилган. Унда ҳеч қандай автомобиль кўринмайди. У ушбу расм 4 июнь куни соат 20:20 да олинганини таъкидлаган. Унга кўра, автомобиль навбатлари муаммони ҳал этиш учун кўрилган чора-тадбирлар натижасида бартараф этилган.
Айнан шу куни Ўзбекистон Божхона қўмитаси расмийлари Қозоғистон томонидаги “Капланбек” пости билан туташ “Навоий” чегара пунктида икки томонлама учрашув ўтказган. Учрашувда Қурбон ҳайити байрами (6 июнь) арафасида юзага келган энг муҳим муаммо – енгил автомобилларнинг узоқ навбатда туриши масаласи муҳокама қилинган.
Томонлар бу муаммони ҳал қилиш учун қўшимча куч ва воситаларни сафарбар этишга келишиб олган. Шунингдек, “Навоий” постида Ўзбекистонга кирувчи транспортлар учун вақтинча тескари ҳаракат (реверс) ташкил этилган.
Тангриевнинг айтишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва савдо алоқаларининг кенгайиши натижасида икки мамлакат ўртасида ҳаракатланаётган одамлар ва автомобиллар сони сўнгги беш йилда икки баравар ошган. Фақат “Навоий” постининг ўзида ҳар куни тахминан 40 минг пиёда ва 2 минг автомобиль назоратдан ўтади.
Шу билан бирга, Тангриев навбатларнинг бутунлай йўқ бўлишига кафолат йўқлигини билдирган, чунки бир автомобилни кўздан кечириш ўртача 5–10 дақиқа вақт олади. Шу сабабли, у фуқароларга халқаро тоифадаги бўлмаган, аммо унча гавжум бўлмаган “Оқ олтин” ва “Малик” постларидан фойдаланишни тавсия этган. Ушбу постлардан ҳар куни 1500 га яқин пиёда ва 250 дан ортиқ автомобиль ўтади.
Муаммонинг янада чуқурлашишига айрим постларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, “Ғишткўприк” пости таъмир туфайли ёпилган. Ўзбекистон томони таъмирлаш деярли тугаганини билдирган бўлса-да, Қозоғистон томонидаги “Жибек жоли” постида ишлар энди бошлангани айтилмоқда. Бир муддат олдин оммавий ахборот воситаларида чегарадаги тирбандликлар, автомобилларнинг кунлаб навбатда туриши, иссиқда шароитларнинг оғирлиги ва Қозоғистон томони божхона ходимлари томонидан пора талаб қилинаётгани ҳақидаги ҳолатлар ҳақида хабарлар эълон қилинган. Ҳайдовчилар икки мамлакат ҳукуматини вазиятга жиддий эътибор қаратишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 июнь куни Қозоғистоннинг Қарағанди вилоятида 5 нафар ўзбекистонлик йўловчиси бўлган автобусда ёнғин чиққанди.
Live
Барчаси