Россия Истанбулга мақсадсиз бормоқда – Зеленский
Олам
−
01 Июнь 7572 3 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россияни Туркиядаги музокараларга нима учун бораётганини билмаслик ва музокараларга бепарволик қилаётганликда айблади. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Зеленскийга кўра, ҳозирда Украина Европа ва АҚШдаги ҳамкорлар билан кейинги қадамлар қандай бўлишини муҳокама қилмоқда.
“Ҳозирда Европадаги ҳамкорларимиз билан биргаликда ва айниқса, АҚШдаги ҳамкорларимиз билан янги дипломатик қадамлар учун тайёргарлик кўрмоқдамиз. Аслида, дипломатияни мазмунли қилишга қодир ҳар ким билан деярли ҳар куни алоқадамиз”, дея ёзган Украина раҳбари.
Шунингдек, у Россия вакиллари учрашувларга ҳеч қандай жиддий тайёргарлик кўрмаётгани ва ҳаттоки навбатдаги Истанбул музокараларида Россия нима тақдим қилишни ҳам билмаслигини ёзган.
“Ҳозиргача россияликлар Истанбулга аниқ нима олиб келишни режалаштираётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бизда йўқ, Туркияда йўқ, АҚШда йўқ, бошқа ҳамкорларда ҳам йўқ. Учрашувлар Россия вакиллари томонидан жиддий қабул қилинмаяпти”, дея ёзган Зеленский.
Қолаверса, Зеленский бу масала яқинда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан муҳокама қилинганини ҳам айтиб ўтган.
“Дунёдаги ҳамма дипломатия ишлашини ва ҳақиқий тўхтов юз беришини хоҳлайди. Ҳамма Россия дипломатияси билан ўйин ўйнамасдан урушни тўхтатишини истайди. Ҳамма жиддий тинчликни хоҳлайди ва Россия ҳам бунга рози бўлиши шарт. Бу учрашувларнинг асосий кун тартиби бўлиши керак. Биз аллақачон ўз кун тартибимизни тақдим этдик. Умид қиламизки, америкаликлар санкциялар масаласида қатъийлик кўрсатиб, тинчликка яқинлашишга ёрдам беради”, дея қўшимча қилган Зеленский.
Маълумот учун, жорий йилнинг 16 май куни Россия ва Украина делегациялари сўнгги уч йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи марта тўғридан тўғри музокаралар ўтказди. Истанбулда бўлиб ўтган учрашув ўт очишни тўхтатиш масаласи бўйича ҳеч қандай натижа бермай якунланди, бироқ томонлар катта миқдорда маҳбусларни алмашиш бўйича келишиб олди ва бу аллақачон амалга ошди. Икки томонлама учрашувларнинг навбатдаги босқичи эртага, 2 июнь куни Истанбул шаҳрида бўлиши режалаштирилган. Томонлар катта эҳтимол билан ушбу музокараларда ҳам эски делегация таркиби билан иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилиб, Украина ва Россия делегациялари ўртасидаги музокаралар якунланганидан сўнг тинчликка эришиш йўлидаги кейинги қадам давлат раҳбарлари даражасидаги учрашув бўлиши кераклигини таъкидлаганди. Анқара баёнотига кўра, суҳбат давомида Эрдўған Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган музокараларнинг иккинчи босқичида ўт очишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилиниши мумкинлигини қайд этар экан, бу жараён тинчлик ҳаракати учун муҳим босқич бўлишини билдирган.
Live
Барчаси