Дунёдаги энг қиммат ТОП ўнта мактаблар
Бу қизиқ
−
02 Июнь 21769 7 дақиқа
Энг яхши сармоя таълимга қилингани, дейишади. Аммо баъзи мактаблар ҳаддан ортиқ инвестиция талаб қилади. Таълим инсоният учун муваффақиятга эришишда муҳим омил ҳисобланади, бироқ у ултра-элита учун статус тимсоли ҳамдир. Дунёнинг энг қиммат мактаблари фақат дарсхоналари ва китобларнигина эмас, балки ҳашамат ва ҳаётни ўзгартирувчи имкониятларни ҳам тақдим этади. Мақолада дунёдаги энг қиммат мактаблар ҳақида сўз боради.
1. Institute auf dem Rosenberg – йиллик тўлов 175 минг АҚШ доллари

Дунёдаги энг қиммат мактаблар ТОП ўнталигининг саккизтаси Швейцарияда жойлашган. Ўз ўқувчилари учун шоҳона шароитларни тақдим этувчи Institute auf dem Rosenberg нафақат мамлакатдаги, балки дунёдаги энг қиммат хусусий мактаб ҳисобланади.

Энг қадимги мактаблардан бири бўлган Institute auf dem Rosenberg 126 йил аввал – 1899 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унда турли миллатга мансуб 230 га яқин ўқувчи таҳсил олади. Бир синф ўртача атиги 8 нафар боладан иборат. Ўқувчиларга халқаро миқёсдаги энг малакали ўқитувчилар сабоқ беради, бу эса уларни энг яхши натижаларга эришишга ундайди.

Мактабда дарсдан ташқари машғулотлар ҳам юқори савияда ташкил этилган. Ўқувчилар кўпгина спорт турлари билан шуғулланиши мумкин. Шунингдек, улар етук шахс сифатида шаклланишга ёрдам берадиган клубларда иштирок этади.
2. Institut Le Rosey – йиллик тўлов 137 минг АҚШ доллари

Institut Le Rosey нархи жиҳатидан дунёдаги энг қиммат хусусий мактаблар рўйхатининг иккинчи ўрнида туради. Швейцариянинг Роль шаҳрида жойлашган ушбу мактаб ҳам кўҳна тарихга эга: 1880 йилда ташкил этилган. У истеъдодга асосланган таълимга эътибор қаратади, яъни ўқувчилар истеъдодини аниқлаб, ривожлантиради.

Бу мактаб ўқувчилари икки тилда таълим олади ва битиргунча камида учта хорижий тилни ўрганган бўлади. Мактаб дарсдан ташқари машғулотларга ҳам катта эътибор қаратади, жумладан, спорт, маданий фаолият, технология ва санъат. Ўқувчилар 30 тагача спорт турида энг яхши шароит ва жиҳозлар билан шуғулланиш мумкин.

Мактабдаги юқори таълим даражаси туфайли у кўплаб машҳур битирувчилар билан фахрланади. Institut Le Rosey бутун дунё бўйлаб нуфузли оила фарзандларига таълим бериши билан танилган ва бу анъана ҳали ҳам давом этмоқда.
3. College Alpin International Beau Soleil – йиллик тўлов 143 минг АҚШ доллари

Бу мактаб 1910 йилда Мадам Блутте Фриер томонидан ташкил этилган Швейцариядаги энг нуфузли мактаблардан бири бўлиб, 11–18 ёшдаги ўқувчиларга таҳсил беради. Алп тоғлари бағрида жойлашган мазкур мактаб ўқувчилар учун кўплаб қизиқарли имкониятлар яратади.

Бу ерда ўқувчиларга катта мақсадлар қўйиш ва уларга эришиш руҳидаги юқори даражали таълим берилади. Ўқувчилар француз ва инглиз тилларида шахсийлаштирилган ўқув дастурини олади. 300 нафар ўқувчидан иборат кичик миқёсли мактаб бўлгани учун, ҳар бир ўқувчига индивидуал эътибор қаратилади. Мактабда турли хил фаолият турлари мавжуд, ўқувчилар ҳатто дунёнинг машҳур жойларига саёҳат қилиш имкониятига ҳам эга.
4. La Garenne International School – йиллик тўлов 126 минг АҚШ доллари

Швейцарияда жойлашган мазкур мактаб 1947 йилда ташкил этилган бўлиб, 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга таълим беради.


Мактабга ҳужжат топширишдан олдин бола икки ҳафта давомида бепул равишда интернат ҳаёти билан танишиши мумкин.

Ҳозирда мактабда дунёнинг 30 мамлакатидан 120 ўқувчи таҳсил олмоқда. Бошқа халқаро мактаблардан фарқли равишда La Garenne International School’да икки асосий тилнинг бири немис эмас, француз тили ҳисобланади. Мактаб ўқувчилари халқаро саёҳатлар орқали дунёни кашф қилади.
5. Aiglon College йиллик тўлов – йиллик тўлов 123 минг АҚШ доллари

Aiglon College Швейцариянинг Воудидаги гўзал тоғли ҳудудида жойлашган. Мактаб 1949 йилда Жон Корлет томонидан ташкил этилган ва бугунги кунда Швейцариянинг энг нуфузли хусусий мактабларидан бири ҳисобланади.

Унда 65 дан ортиқ миллат вакиллари таълим олади. 443 нафар ўқувчининг 85 фоизи интернатда яшаб таълим олади.

Мактабнинг энг катта устунлиги – академик мукаммаллик. У ўқувчиларга юқори сифатли ўқув дастури орқали таълим, шунингдек, дарсдан ташқари тажрибавий ўрганишга ҳам катта аҳамият беради. Мактаб, айниқса, қишки спорт турлари борасида машҳур.

Ўқувчилар немис, испан, француз, итальян, хитой, рус, араб ва япон тилларини ўрганади.
6. Leysin American School – йиллик тўлов 111 минг АҚШ доллари

Швейцарияда жойлашган навбатдаги энг қиммат мактаблардан яна бири – 1960 йилда Фред Сигрид томонидан ташкил этилган Leysin American School. Мактаб биноси жуда замонавий бўлиб, ўқувчилар ўз уйидек ҳис қиладиган даражада қулай.


Бу ерда 7 дан 18 ёшгача бўлган тахминан 350 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактабда спортга алоҳида эътибор берилади, айниқса чанғи спорт турлари машҳур. Шунингдек, баскетбол, гимнастика, хоккей ва сузиш каби бошқа спорт турлари ҳам мавжуд.

Таълим сифати юқори бўлиб, инглиз тилида олиб борилади. Ўқувчилар ижодкорликка ва инновацион фикрлашга ўргатилади. Мактабда театр, кутубхона, бир нечта медиа марказ ва компьютер лабораториялари каби замонавий қулайликлар мавжуд.
7. Le Régent International School – йиллик тўлов 114 минг АҚШ доллари

Энг қимматлар рўйхатидаги энг ёш мактаб 2015 йилда ташкил этилган, лекин қисқа вақт ичида катта муваффақиятларга эришган.

Le Régent International School номли ушбу мактаб Алп тоғлари юрагида жойлашган ва гўзал манзара билан бир қаторда замонавий шароитларга ҳам эга.

Бу ерда 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган, 50 дан ортиқ мамлакатдан келган ўқувчилар таҳсил олади. Уларга халқаро миқёсдаги устозлар таълим беради. Мактаб ўқувчиларга спорт, санъат ва саёҳатлар орқали ташқи дунёни ўрганиш имконини беради.
8. Shortridge Academy – йиллик тўлов 110 минг АҚШ доллари
Швейцарияда жойлашмаган рўйхатдаги илк мактаб АҚШнинг Нью-Ҳэмпшир штатидаги Мильтон шаҳрида жойлашган. Shortridge Academy’нинг ўзига хослиги шундаки, у терапевтик мактаб ҳисобланади ва руҳий саломатлик муаммоларига дуч келган ўқувчиларни қабул қилади.

Мактаб 2002 йилда ташкил этилган ва метакогнитив кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган ўқитиш услубидан фойдаланади. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида яқин алоқалар ўрнатилиб, билимларни чуқур ўзлаштиришга ёрдам берилади.
Мактабда турли тўгараклар ва дарсдан ташқари фаолиятлар мавжуд.
9. St. George’s International School – йиллик тўлов 108 минг АҚШ доллари

St. George’s International School 1927 йилда ташкил этилган бўлиб, Швейцариядаги энг нуфузли хусусий мактаблардан бири ҳисобланади. Мактабнинг кучли томони ўқувчиларга комплекс ёндашув орқали таълим бериш бўлиб, бу уларни юқори академик натижаларга эришишга ундайди.

Бу ерда тажрибали ўқитувчилар фаолият олиб боради, индивидуал ўқув тизими орқали ҳар бир ўқувчининг эҳтиёжларига алоҳида эътибор қаратилади.
Мактабда дарсдан ташқари фаолиятлар ҳам кенг қамровли. Ўқувчилар Алп тоғларининг табиий гўзаллигидан баҳраманд бўлиши мумкин. Улар футбол, теннис, баскетбол, волейбол, бадминтон, енгил атлетика ва бошқа спорт турлари билан шуғулланади.

Шунингдек, турли клуб ва қизиқарли машғулотлар ҳам мавжуд бўлиб, бу уларнинг ўрганиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади.
10. Hurtwood House School – йиллик тўлов 104 минг АҚШ доллари

Англиянинг Суррей ҳудудида жойлашган Hurtwood House School ушбу рўйхатдаги кўп мактаблардан фарқли ўлароқ, фақат олти йиллик (Sixth Form) босқичдаги ўқувчилар учун мўлжалланган. Яъни, ўқувчилар фақат ўрта мактабнинг сўнгги икки йилини шу ерда ўқийди. Мактаб мақсади – ўқувчиларга университетга ўтиш учун илҳомлантирувчи, аммо хавфсиз муҳит яратиш.

Ўқувчилар бу ерда 22 та О-левел фанини исталган комбинацияда ўқиши мумкин. Бу тизим уларга мақсадга мос касб танлаш имконини беради. Ўқувчиларнинг А-левел имтиҳонларидаги А-Б даражадаги натижалари 82 фоизни ташкил қилади ва улар энг нуфузли университетларга киради.


Интернатдаги ҳаёт жуда сифатли бўлиб, ўқувчиларга турли спорт ва ҳордиқ чиқариш имконияти берилади. Бу ерда 20 дан ортиқ спорт тури билан шуғулланиш учун замонавий шароитлар мавжуд.
Live
Барчаси