АҚШ Украинадаги USAID ходимларини ишдан бўшатмоқчи
Жамият
−
25 Май 3580 2 дақиқа
АҚШ ҳукумати жорий йилнинг 1 июль кунидан бошлаб Украинадаги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг бир қатор ходимларини расман ишдан бўшатади. Бу ҳақда АҚШ давлат харидлари порталидаги ҳужжатларга таяниб, ТАСС хабар берди.
Нашрга кўра, ишдан бўшатилаётганлар, асосан, гуманитар дастурлар бўйича фаолият юритаётган ходимлар ҳисобланади. Улардан баъзилари АҚШ Президенти Дональд Трамп сўнгги президентлик сайловларида ғалаба қозонгач ишга олинган. Ҳужжатларда иқтисодий ўсиш бўйича катта маслаҳатчи, глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги бўйича техник маслаҳатчи, донорлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатчи, гуманитар дастурлар бўйича катта таҳлилчи, Украина Миллий коррупцияга қарши курашиш бюросига ишга қабул қилишда онлайн тест синовлари бўйича мутахассислар борлиги қайд этилган. Бироқ бўшатилаётган ходимларнинг исмлари ошкор этилмаган.
Шунингдек, турли муддатларга тузилган меҳнат шартномаларининг қиймати ҳам келтирилган. Энг қиммат шартнома коммуникациялар бўйича катта маслаҳатчи – PR мутахассиси билан тузилган бўлиб, унинг қиймати 455 минг долларни ташкил этган.
“Ишнинг сўнгги куни ва янги таҳрирдаги шартноманинг амалдаги муддати – 2025 йил 1 июль ”, дейилади ҳужжатларда.
Ушбу асосда ишдан бўшатилган ходимлар компенсация олишлари мумкин, аммо тўлов шартлари ҳар бир ҳолатда алоҳида тартибда белгиланиши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) барча ходимлари жорий йилнинг сентябрь ойигача ишдан бўшатилиши, хориждаги офислар эса ёпилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси