Ғазодаги жангларни қоралаган америкалик талаба дипломдан маҳрум қилинди

Олам

image

АҚШдаги Нью-Йорк университетининг бакалавриат талабаси Логан Розос битирув маросимида Ғазо ҳақида қилган нутқи ортидан дипломдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “New York Post” хабар берди.

Розос маросим давомида сўзлаган нутқида Ғазо секторида содир бўлаётган оммавий қатлиомларга эътибор қаратган ва АҚШни ушбу ҳаракатларни “сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётганликда” айблаган.

“Ҳозир содир бўлаётган геноцид АҚШ томонидан сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда, бу бизнинг солиқларимиз ҳисобидан молиялаштирилмоқда ва бу даҳшатли ҳолатлар жонли эфирда бизнинг телефонларимизга узатилмоқда. Мен бу геноцидни ва бизнинг ундаги иштирокимизни қоралайман”, деган талаба.

Унинг ушбу 2,5 дақиқа давом этган чиқиши залдагилар орасида турлича муносабатларга сабаб бўлган – баъзилар уни олқишлади, бошқалар эса норозилик билдирган.

Университет матбуот хизмати билдирган баёнотда, Розос “ўзига берилган имкониятдан бирёқлама сиёсий қарашларини ифода этиш учун фойдалангани” айтилган. Университет бу нутқдан афсусдалигини билдирган ва талабага нисбатан интизомий чоралар, жумладан дипломни бермаслик қарорини эълон қилган.

Америка-Ислом муносабатлари кенгаши талабанинг нутқига ижобий фикр билдириб, Нью-Йорк университетини талабанинг дипломини беришга чақирган. Кенгаш бу каби интизомий чораларни Америка эркинликлари ва халқига хиёнат, деб атаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти фаластинликларни Ливияга кўчириш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ғазо Нью-Йорк университети Логан Розос

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг