Ёшлар орасида миокард инфаркти кўпайиб бораётгани айтилди
Саломатлик
−
15 Март
6886Илгари миокард инфаркти асосан 50-60 ёшдан ошган кишиларда кузатилган бўлса, эндиликда 30-40 ёшлилар, ҳатто 20 ёшдан ошган йигит-қизларда ҳам учраяпти. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Хуршид Фозилов бунинг асосий сабаблари, келтириб чиқарувчи омиллар, амал қилиш керак бўлган қоидалар ҳақида сўз очди.
Унга кўра, миокард инфаркти юрак мушагининг маълум бир қисмига қон етиб бормагани сабабли ўша тўқиманинг нобуд бўлиши ҳисобланади. Бунга одатда қон томирларда тўсиқ пайдо бўлиши, холестерин йиғилиши ёки тромб шаклланиши сабаб бўлади. Бу ҳолат юрак етказиб берадиган қон оқимини кескин камайтиради ва хавфли асоратларга олиб келиши мумкин.
“Ёшларда инфарктнинг асосий сабаблари ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало, нотўғри овқатланиш ва семизлик ҳам сабаб бўлмоқда. Афсуски, бугун аксарият ёшлар фаст-фуд, ёғли ва қовурилган таомлар, газли ичимликлар ва шакар миқдори юқори бўлган маҳсулотларни кўп истеъмол қилаётганини инкор этиб бўлмайди. Бу эса ортиқча вазнга, қон босими ошишига ва қон томирларда атеросклероз пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда”, дейди мутахассис.
Билдирилишича, ҳаракатсизлик (гиподинамия) ҳам бу касалликни чақирмоқда. Шунингдек, компьютер, смартфон ва бошқа гаджетлар ёшларни бироз дангаса қилиб қўйган. Спорт билан шуғулланмаслик, узоқ вақт бир жойда ўтириб ишлаш ёки ўқиш қон айланишига салбий таъсир кўрсатади.
Яна бир фактор сифатида ёшлар орасида бугун доимий стресс билан муаммолар ҳам йўқ эмас. Доимий зўриқиш, асабийлик организмда адреналин ва кортизол миқдорини оширади, бу эса юракни зўриқтириб, инфаркт хавфини кучайтиради.
Тамаки ва алкоголь истеъмоли ҳам ёшларда бу касалликнинг эрта уйғонишига олиб келаётган омиллардан бири. Негаки, сигарет таркибидаги никотин ва бошқа зарарли моддалар қон томирларини торайтиради. Табиийки, бу юракка қон етиб боришини қийинлаштиради. Шунингдек, спиртли ичимликлар ҳам қон босими ошишига ва юрак ритмининг бузилишига сабаб бўлади.
Бу касалликнинг олдини олиш учун жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш талаб этилади.
Юрак артериялари торайганда ёки тўсилиб қолганда, юракка етарлича қон ва кислород етиб бормайди. Бу эса оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Бундай ҳолатларда стент қўйиш (коронар стентлаш) самарали ва тезкор даволаш усули ҳисобланади. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, анъанавий жарроҳликка нисбатан кам инвазив яъни кам кесмали амалиётдир. Шу боис беморнинг тикланиш жараёни анча енгил кечади.
“Шифокор сифатида шуни айтиб ўтишим керакки, бу хасталик айни пайтда ёш танламаяпти. Шунинг учун ёшми, қарими юракда қандайдир муаммо пайдо бўлиши билан пала-партиш ва ўзбошимчалик билан даво чораларини қўлламасдан тезроқ мутахассисга мурожаат қилиши керак. Чунки, касалликни даволагандан кўра, олдини олган афзал. Қолаверса, юрак ҳазиллашадиган орган эмас”, дейди Хуршид Фозилов.