Украина ҳақиқий тинчлик музокараларига тайёр – Зеленский
Олам
−
14 Февраль 4601 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳарбий душман Россия билан “жуда қийин” тинчлик музокараларини кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 14 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида (MSC) журналистлар билан учрашувда маълум қилди.
У ҳар қандай вақтда “ҳақиқий музокаралар”га тайёр эканини айтди. Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Украина томони Россия ҳарбий агрессиясини тўхтатишнинг турли йўлларини – тинчликпарвар қўшинлар контингентидан тортиб, хавфсизлик кафолатлари ва НАТОга қўшилишгача бўлган масалаларни муҳокама қилишга тайёр.
“Биз Путинни тўхтатиш учун ҳар қандай чораларни кўришга тайёрмиз”, деб таъкидлади Украина Президенти.
Унинг сўзларига кўра, у Мюнхенда Россия вакиллари иштирокида бўлиши мумкин бўлган музокаралардан бехабар бўлган:
“Мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман, балки мендан кўра кимдир яхшироқ билади. Аввало, АҚШ ва Европа Иттифоқи вакиллари билан музокаралар олиб борилади, ва шундан кейингина россиялик музокарачилар билан учрашувлар мумкин бўлади”, деб таъкидлади у.
Зеленский, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Туркияга режалаштирилган бир қатор хорижий ташрифларни эълон қилди, у ерда ҳам Россия вакиллари билан учрашувлар режалаштирилмаган.
DPA'нинг ёзишича, Зеленский яна бир бор тинчлик музокараларида муҳокама қилинмайдиган “қизил чизиқ”ни тортган.
“Қонуний жиҳатдан биз ҳеч қачон босиб олинган ҳудудларни Россия деб тан олмаймиз. Улар конституцияда мустаҳкамланган ва чегараларни ўзгартириш тўғрисида фақат Украина халқи қарор қабул қилиши мумкин”, деди Зеленский.
Президентнинг қўшимча қилишича, Украина ҳудудида тинчликни таъминлаш учун хорижий қўшинларни жойлаштириш режаси аллақачон тайёр ва “ҳарбийлар бунинг устида ишламоқда”, бироқ қўшинларнинг эҳтимолий жойлаштирилиши харитаси ҳали эълон қилиш учун мўлжалланмаган.
Зеленский, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украинадаги урушни тугатиш бўйича “якуний режаси” йўқлигини айтди.
“Биз Америка ва иттифоқчиларимиз билан муҳокама қилишга тайёрмиз. Агар уларда бизнинг аниқ талабларимизга аниқ жавоблар бўлса ва Путин хавфи ҳақида умумий тушунча мавжуд бўлса, биз – шу умумий позиция билан – руслар билан гаплашишга тайёрмиз”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ MSC'да иштирок этаётган АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс Украинага қўшин юборишни истисно этмаганди.
Live
Барчаси