Ўзбек адабиётида танқидчилик мактаби йўқ бўлиб кетди, масъуллар эса жим
Таҳлил 27 Февраль 12:31 2029
image

Хабар берганимиздек, кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Жаҳон адабиёти дурдоналари: ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этишдаги ютуқлар, муаммолар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда QALAMPIR.UZ бугунги кунда адабиётимизда эълон қилинаётган насрий, шеърий ва таржима асарларда учраётган хато ва камчиликлар муаммосини кўтарди.

XX аср ўзбек адабиёти Ойбек, Абдулла Қаҳҳор каби буюк адабий танқидчиларга суянарди. Улар адабиётимизни ҳар қандай кичик камчиликлардан тозалаб турар эдилар. Кейинчалик бу олимларга муносиб ворис сифатида устоз Озод Шарофиддинов катта майдонга чиқди. 

Унча-мунча катта ёзувчи ва шоирлар ҳам бу ижодкорлар олдида ўз асарларини эълон қилишдан ҳайиқиб турарди. Мана ўн беш йилдирки, Озод Шарофиддиновсиз қолган адабиёт боғига зоғлар-у алафлар чанг солмоқда.

Бу борада, ёзувчилар уюшмаси ва ундаги ижодкорлар ҳам ҳар-ҳар замонда аюҳоннос солиб туришар эди! Нима эмиш, кейинги пайтларда бозор адабиётининг ўқувчилар онгига салбий таъсири кескин ортаётган экан. Даврий нашрларда тез-тез асарлари эълон қилинадиган ёзувчи Азамат Қоржовов бу борада қаттиқ танқид остига олинган эди.

Тўғри, бугунги кундаги даврий нашрларда бу каби саёз дейилаётган асарлар кўплаб учрамоқда. Лекин бу борада ўқувчилари талаб ва истакларини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Бугунги китобхон шунчаки содда қолипда ясалган асарларни ўқиб, “адабиёт шунақа бўларканда” деган фикрга келиб қоляпти. Даврий нашрларга келсак, бу асарлар саҳифани тўлдириш учун айни муаддао, қолаверса, нархи ҳам қиммат эмас. Энг муҳими, сериаллар каби воқеалар ривож топиб, интригалар ортиб бораверади.  

Аслида буларнинг барчасига бугунги адабиётимизда асарларни саралаб берадиган адабий танқидчилар етишмаётганлиги сабаб бўлмоқда. Ойбек домла, Абдулла Қаҳҳор, Озод Шарофиддинов каби танқидчиларимиз асос солиб кетган мактаб аллақачон йўқ бўлиб кетди.

Шу ўринда бир нарсани илова қилмоқчиман: бундан бир неча ой аввал буюк ҳикоянавис ёзувчи Саид Аҳмаднинг Озод Шарофиддиновга тақдим қилган китоби қўлимга тушиб қолди. Ёзувчи китобнинг илк саҳифасига шундай дасхат битиб берган экан: “Дўстим, қадирдоним Озод! Мана, ниҳоят янги китобим ҳам қўлингга тегди. Хоҳла сўк, хоҳла йиртиб ташла! Фақат илтимос, кўпроқ мақтагин!”

Бу шунчаки ҳазиломуз, самимий сўзлар эмас! Бу сўзлар Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг яширин ҳадик ифодаланган бир фикридир. Ўша пайтда Саид Аҳмад қандайдир таҳрирга муҳтож бўлган деб ўйлайсизми? Асло йўқ! Шунчаки, у адабиётга бўлган меҳр-муҳаббати учун ҳайиқмоқда.

Адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов эса қўлига қандайдир буюк номларни эмас, аввало китобни олганлиги учун китоб нуқтайи назаридан танқид қилган. Шу сабабдан ўтган асрда адабиётимизда маънан саёз, инсонни фикрлашга ундамайдиган асарлар учрамас эди. Ёзувчилар ҳам ҳар бир танқиддан сўнг янада ўсиб бораверган. Ҳозир эса янги ёзувчиларимиз тугул, ўзини тутиб олган ижодкорлар ҳам танқидни кўтаролмайдиган “нимжон инсон”га айланиб қолгандек. Асарлари ҳам шунга яраша жўн ва жуда бўш!

Кечаги анжуманда бу каби муаммолар билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга мурожаат қилганимизда, атоқли шоир шунчаки адабиёт бўстони эшиклари ҳамма учун очиқлигини, кимнинг нима ёзиши-ю, нима айтишини бошқалар муҳокама қилиши яхши эмаслигини, ёзувчи ва шоирлар ўзини-ўзи таҳрир қилиши лозим деб ҳисоблашини айтиб ўтди.

Мутасаддилар шундай фикрлаётган бўлса, қаровсиз қолган боғ учун “янги боғбон” – адабий танқидчилар қандай етиштирилади? Агар ҳозирнинг ўзида адабиётимизни бирмунча саёз асарлардан тозаламасак, ўзбек адабиётига нисбатан шундоқ ҳам ҳаминқадар бўлиб турган меҳр буткул совиб кетмайдими? Бу каби қатор саволларимизга аниқ ва лўнда жавоб излаётганимизда, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси ҳали-ҳамон сукут сақламоқда.
 

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3.1