МИБ иккинчи гуруҳ ногиронининг уйи нега бузилганига изоҳ берди

Жамият

image

Аввалроқ, Олтиариқда иккинчи гуруҳ ногирони бўлган фуқаро уйи бузилгани сабабли оиласи билан кўчада қолгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фуқаро мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг 2018 йил 24 октябрдаги ҳал қилув қарори билан Олтиариқ тумани, Оқбўйра массивидаги ҳар бири 400,0 метр кв дан иборат бўлган 26 ва 35-сонли ер участкалари қарздор Тошбоева Насибахоннинг ноқонуний фойдаланишидан ундирувчи Норматова Дилоромхон эгалигига олиб берилиши ҳамда мазкур ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни (бино-иншоотлар) қарздор Н.Тошбоева томонидан ёки унинг ҳисобидан буздириш белгиланган.

Мазкур суд ҳужжати 2018 йил 23 ноябрда Бюронинг Олтиариқ тумани бўлимига келиб тушган.

Давлат ижрочиси 2018 йил 28 ноябрда қарздор Н.Тошбоевага суд ҳужжати мазмун-моҳиятини таништирган ва унга суд ҳужжати ижросини таъминлаш учун 15 кун муддат белгилаган.

Ушбу қарор ижроси суднинг 2018 йил 20 декабрдаги хатига асосан тўхтатилган, 2019 йил 5 мартдаги ажримга асосан мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилиши белгиланган.

Суд ҳужжати ижросини жорий йилнинг 18 март кунида мажбурий тартибда бажаришга киришилаётган вақтда Н.Тошбоева ушбу хонадонни сотиб олганлигини, туман “Ермулккадастр” хизматининг 2013 йил 5 июндаги кадастр ҳужжати мавжудлигини кўрсатиб, мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда тегишли судга мурожаат қилганлигини, шунингдек Олтиариқ тумани, Қахрамон МФЙнинг жорий йил 26 мартдагидаги 438-сонли маълумотномасига кўра суд ҳужжатида белгиланган 26, 35-рақамли ер участкаларида бошқа шахслар яшаётганлигини, Н.Тошбоева эса Олтиариқ тумани, Оқбўйра МФЙ, Найман кўчасидаги 27, 36-рақамли ер участкасида яшаб келаётганлигини маълум қилиб, бу ҳақда тушунтириш хати тақдим этган.

Мазкур қарама-қаршиликка ойдинлик киритиш учун жорий йилнинг 29 март куни ФИБ Риштон туманлараро судига мурожаат қилинган.

Суднинг жорий йил 11 апрелдаги ажримига кўра, ҳал қилув қарори ўзгартирилмаган ҳолда 2018 йил 24 октябрдаги ҳал қилув қарори ижросини таъминлаш лозимлиги тушунтирилган.

Шунга кўра, 22 май куни холислар ва ваколатли идоралар ходимлари билан ўзаро ҳамкорликда мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказишга киришилган, бироқ қарздор Н.Тошбоева ва унинг яқин қариндошлари қаршилик кўрсатишган ва мажбурий ижро ҳаракатлари 23 майга қолдирилган.

Жорий йилнинг 23 май куни давлат ижрочилари холислар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида қарздор Н.Тошбоеванинг яшаш хонадонидаги 24 турдаги мол-мулклари далолатнома асосида “Қахрамон” МФЙ раиси Ф.Маҳмудовга вақтинча сақлаш учун топширилган, ижро ҳужжатида кўрсатилган ноқонуний қурилмалар тўлиқ бузилган, ер участкаси Д.Норматованинг эгалигига тилхат асосида олиб берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

МИБ Олтиариқ

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг