“Босар-тусарини билмаган депутат” можароси давом этади: янги қарталар очиляптими?
Таҳлил
−
20 Апрель 2020
39908Бир неча кундан бери Наманган шаҳридаги “босар-тусарини билмаган депутат” можароси жамоатчилик муҳокамаси диққат марказида турибди. QALAMPIR.UZ ИИВ Ахборот хизмати томонидан чиқарилган видео юзасидан бир қанча саволларни ўртага ташлади. Аммо идора масъуллари томонидан ушбу саволларга жавоб қайтарилгани йўқ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам воқеа юзасидан ўз муносабатини билдирмоқда. Эндиликда иккинчи тараф, халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ва воқеага гувоҳ бўлганлар мазкур ҳолат юзасидан ўзларининг версияларини айта бошлади.
Толиб Муҳаммадиевга кўра, у 15 апрель куни қўл остида ишлайдиган ишчиларига карантин вақтида оч қолмасин дея пул тарқатишни бошлаган. Унга ишчиларнинг уй манзилларини биладиган укаси Аюбхон Муҳаммадиев ҳамроҳ бўлган. Улар Наманган шаҳридаги ишчиларига маблағ тарқатгач, Янгиқўрғон тумани Қораполвон қишлоғида яшовчи “Ҳусанбой” исмли ходимининг уйига ҳам пул бериш учун борган. Шаҳардан чиқишда уларни ҳеч ким тўхтатмаган. Қайтишда, Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида ИИБ ходими Илҳом Абдураҳмонов уни тўхтатган.
Депутат ходимга ўзининг депутатлик гувоҳномасини кўрсатган. Абдураҳмонов депутатга ҳозирда карантин тартиб-қоидалари ўрнатилгани, шахсий автомашинада ҳаракатланиш мумкин эмаслигини тушунтирган. У эса эзгулик йўлида бунга мажбур бўлгани, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳам мавжудлигини айтган. Шунда Абдураҳмонов ундай бўлса, ҳолат ҳақида бошлиқларига хабар қилиши кераклиги, улар рухсат берса, депутатни ўтказиб юбориши мумкинлигини айтган.
Шундан сўнг, Абдураҳмонов алоқа воситаси орқали ким биландир гаплашган. Ҳайдовчига кетиши мумкинлиги, бироқ унинг ёнидаги йўловчи Аюбхон Муҳаммадиевни шу ерда тушириб қолдириши кераклигини айтган. Шунда депутат йўловчи укаси экани, хайрия қилинаётган ишчиларнинг уйларини фақат у билиши, шу сабабли уни ўзига ҳамроҳ қилиб олишга мажбур бўлганини тушунтирган.
Шунда ИИБ ходими Абдураҳмонов депутатга 20 йиллик юристлик меҳнат стажи мавжудлиги, қонун-қоидани яхши билишини тушунтирган. Депутат ҳам ўз навбатида укасига чора кўрса, унга кафил бўлиб, ўзи билан олиб кетиш ваколати борлигини билдирган. Шунда Абдураҳмонов депутатга кетиши мумкинлигини айтган.
Ишга иккинчи ИИБ ходимининг аралашуви жанжални юзага келтириб чиқарганми?
Ҳеч қанча вақт ўтмай, бошқа бир ИИБ инспектори Ҳусанбой Зиёвуддинов келиб, депутатга қайтадан ҳужжатларини кўрсатишини талаб қилган. У ҳозиргина Абдураҳмоновга барчасини тушунтирганини айтган. Зиёвуддинов эса унга ҳам ҳужжатларни кўрсатишга мажбур эканини айтиб, жавоб қайтарган. Депутат рози бўлмасдан машинасида ҳаракатланмоқчи бўлганда, инспекторлар уни машинадан мажбурлаб туширган. Шунда депутат вазиятни тўлиқ камерага муҳрлаши учун укасига “E-50” русумли қўл телефонини берган. Машинадан тушиши билан Зиёвуддинов яна ҳужжатларни сўраган. Бу вақтда унга қарама-қарши тарафдан Абдураҳмонов ҳолатни камерага олишни бошлаган. Ён тарафда қуролланган ҳарбий хизматчи турган. Депутатнинг укаси ҳам тортишувни телефон камерасига олмоқчи бўлган. Шунда ҳарбий хизматчи унга яқинлашиб, қўл телефонини тортиб олган.
Орада тортишув кучайган. ИИБ ходимлари уларни камерага олиш мумкинмаслигини айтган. Шунда депутат ҳам холислик бузилаётганига жаҳл қилиб, уларга ишонмаслигини айтиб, улар ҳам видеотасвирга олмаслиги кераклигини важ қилган. Депутат ҳам ходимнинг телефонини олиб қўймоқчи бўлган. Шу вақтда Абдураҳмоновнинг қўл телефони ерга тушиб, шикастланган. Депутат телефон шикастланган бўлса, ўрнига янгисини олиб беришини айтган. Депутат Муҳаммадиев ўтган сафарги ИИВ лавҳасидаги “камбағал бола эмасман, пулим ўзимга етарли” деган гапларни айнан мазкур ҳолатда айтгани, бироқ монтаж жараёнида лавҳа ИИБ манфаати йўлида бошқача тайёрланганини айтди.
Шу вақтда Абдрураҳмонов навбатчига қарата “тезкор гуруҳ ходимларини чақир” дея буйруқ берган. Жанжал янада катталашган, уни ИИБ ходимлари ҳар ерга торта бошлаган. Орада ўзини “терроризмга қарши кураш бўлимиданман” деб таништирган ходим унинг юз қисмига мушт билан урган. Шунда депутат нега уни уришгани, бу учун албатта улар жавобгарликка тортилишини айтган (ушбу тасвир ИИВ лавҳасига ҳам тушиб қолганди).
“Шу вақт одам тўпланиб кетди. ИИБ ходимлари уларни тарқалишини сўради. Кейин тезкор тунги гуруҳ ходимлари етиб келишди. Автобусда 7 ёки 8 нафар ИИБ ходимлари бор эди. Улар мен ва укамнинг яқинига келишди. Вазиятни тўлиқ тушунтириб улгурмай, улар иккаламизнинг ҳам қўлларимизни орқага қайириб, автобуснинг ичига тиқишди. Автобусда бизга тазйиқ ўтказишди. Қорин қисмимизга бир неча марта уришди. Кейинроқ прокуратура ходимлари етиб келди”, дейди депутат.
Ўша куни депутат ИИБ ходимларига улар иш вақтида спиртли ичимлик ичгани ва шу сабабли шу воқеалар юзага келганини айтган. Лекин улар депутатнинг ўзини спиртли ичимлик ичганликда айблаб, экспертиза марказига олиб борган. Юқоридаги барча гаплар депутат Толиб Муҳаммадиевнинг воқеа юзасидан айтган варианти ҳисобланади.
Депутатнинг укаси Аюбхон Муҳаммадиевга кўра, унинг акаси ИИБ ходимининг погонига ҳам, кўкрак нишонига ҳам тегмаган. Чунки, ўша куни ходим устидан ёғингарчиликдан ҳимоя қиладиган узун плашини кийган бўлган. Погон ва кўкрак нишони ҳам плашнинг ичида бўлган.
Пластинканинг тескари айланиши
Жорий йилнинг 17 апрель куни айрим ОАВларда депутатга нисбатан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилганди. Аммо кейинроқ вазият буткул ўзгариб кетди.
“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунига кўра, тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
16 апрель куни Наманган шаҳар прокурори Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашига тақдимнома киритиб, депутат Т.Муҳаммадиевни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга розилик сўраган. Тақдимнома шу куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашида кўриб чиқилиб, депутат Т.Муҳаммадиевни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга розилик бериш масаласи рад этилиб, уни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган.
Жорий йилнинг 19 апрель куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилишида Кенгашнинг 16 апрелдаги қарори ва шаҳар прокурорининг Т.Муҳамадалиевга оид тақдимномаси кўриб чиқилган. Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг янги қарори билан Кенгашнинг 16 апрелдаги қарори бекор қилинган.
Шунингдек, шаҳар прокурорининг Т.Муҳамадалиевни жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этиш ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга розилик бериш тўғрисидаги тақдимномаси ҳам рад этилган.
Бундан ташқари, Кенгаш қарори билан Наманган шаҳар прокурори Б.Йўлдошевга уч кун муддат ичида шаҳар ИИОВ ФМБ-сонли профилактика катта инспектори И.И.Абдураҳмонов, ИИБ ЙҲХБ испектори Х.И.Зиёвиддинов ва воқеада иштирок этган бошқа ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва белгиланган тартибда қонуний чора кўриш вазифаси юклатилган.
Шу билан бирга, Кенгаш ўз баёнотида видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқатилишида айбсизлик презумпциясига амал қилинмагани, видео тайёрланишида эса холисликка эътибор қаратилмаганини айтган.
Видео масаласидан Наманган вилоят Ахборот хизматига боғланганимизда, улар мазкур видеони айнан вазирлик матбуот ходимлари тайёрлаганини айтди.
Адолат ўрнатиладими?
Бу масалада энди нима бўлади деган савол жамоатчиликни қийнаяпти. Адлия вазири Русланбек Давлетов чиқиб, жамоаси билан масалани алоҳида ўрганиб, унга ҳуқуқий баҳо берса яхши бўларди. Ҳар ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга оширувчи ташкилот ҳисобланади. Ахир яқиндагина Солиқ қўмитаси билан боғлиқ можарода ҳам вазирлик минбарга чиқиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берди-ку!
Шундан сўнг, барча ўз қилган қилмишига яраша жавобини олиши осонлашарди. Депутат ҳам, ИИБ ходимлари ҳам, лавҳани холис тайёрламаган ИИВ Ахборот хизмати-ю, ўша ерда қатнашган бошқа ташкилот ходимлари ҳам. Бу энг адолатли қарор бўларди.
Айтганча, бу ерда Наманган шаҳар прокурори Б.Йўлдошевга уч кун муддат ичида шаҳар ИИОВ ФМБ-сонли профилактика катта инспектори И.И.Абдураҳмонов, ИИБ ЙҲХБ испектори Х.И.Зиёвиддинов ва воқеада иштирок этган бошқа ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва белгиланган тартибда қонуний чора кўриш вазифаси юклатилганини ҳам унутмаслик керак.
Ёки бўлмаса, ҳамма масъуллар вақт ўтиб, мавзу жамоатчилик муҳокамасидан узоқлашиб, уларнинг хотирасидан кўтарилишини кутади. Шунда ҳаммаси битта “қўнғироқ” ёки тушунтириш билан хамирдан қил суғургандек битиши ҳам мумкин. Аммо бундай ҳолатда адолат “йиғлайди” холос. Нима бўлса ҳам ҳаммасини вақт кўрсатади.
LiveБарчаси