Туҳмат ва ҳақорат учун санкциялар либераллашмоқда. Қонун лойиҳаси муҳокамага чиқди

Жамият

image

Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш жазосини чиқариб ташлаш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комилжон Алламжонов мазкур лойиҳа агентлик ташаббуси билан ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Амалдаги Жиноят кодексининг 139-моддасига кўра, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар янги таҳрирдаги лойиҳа қабул қилинса,  ушбу модданинг иккинчи қисми қуйидагича таҳрирланади:

“Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда, оммавий ахборот воситалари ёхуд Интернет тармоғи ахборот ресурслари орқали туҳмат қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”. 

Яъни, бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари олиб ташланади.

Шунингдек, мазкур модданинг учинчи қисмидаги бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари жазосига алмаштирилмоқда.

Ушбу тартиб кодекснинг 140-моддаси (ҳақорат) учун ҳам жорий этилмоқда. Эндиликда нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда, оммавий ахборот воситалари ёхуд интернет тармоғи ахборот ресурслари орқали ҳақорат қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Шу билан бирга, шундай ҳаракатлар хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Янги таҳрирда ушбу моддадаги бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолалари ҳам олиб ташланмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 30 январга қадар давом этади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Комилжон Алламжонов Туҳмат ва ҳақорат

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг