Туркия Покистон ва Эрон ўртасида воситачилик қилишга тайёр

Олам

image

Расмий Анқара Покистон ва Эрон ўртасида воситачилик қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Унда Туркия Теҳрон ва Исломобод ўртасидаги кескинликдан хавотирда экани қайд этилган.

“Биз бу муаммони БМТ тамойиллари асосида, мамлакатлар ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш асосида ҳал этиш муҳим деб ҳисоблаймиз. Туркия минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка кўпроқ таҳдид солмасдан, масалани мулоқот ва ҳамкорлик асосида ҳал қилишни истайди”, дейилади баёнотда.

Расмий Анқара томонларни мулоқотга чақириб, Туркия ўз тажрибасини баҳам кўришга ва ўзаро келишув жараёнига ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилган.

Бундан ташқари, Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эронлик мавқедоши Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва Покистон Ташқи ишлар вазири Жалил Аббос Жилоний билан телефон орқали мулоқот қилган.

Ҳоқон Фидан бугун Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Сафади билан Уммонда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган нутқида Анқара 2 кундан бери томонлар ўртасидаги зиддиятларни хавотир билан кузатаётганини айтган.

“Ҳамкасбларим менга урушдан манфаатдор эмасликларини айтишди. Шундай деб умид қиламан ва барқарорлик учун ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз”, деган вазир.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Покистонда жойлашган “Жайш ал-Адл” гуруҳига ҳужум қилган эди. 17 январь куни Покистон бунга жавобан Теҳрондан ўз элчисини чақириб олди ва Эронга ҳужум қилди. Натижада 9 киши ҳалок бўлди. Покистон қуролли кучлари юқори шай ҳолатга келтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Эрон Покистон воситачилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг