QALAMPIR.UZ танқидидан сўнг Учтепадаги мактабга 50 нафар ҳашарчи юборилди

Жамият

image

QALAMPIR.UZ интернет нашрида кеча, 3 июнь куни “Мактабларда мажбурий меҳнат давом этяпти. Навбатдагиси пойтахтда” сарлавҳали материал эълон қилинган эди. 

Унда Тошкет шаҳри Учтепа туманида жойлашган 295-мактаб ўқтувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани, мактабга мутасаддилар томонидан етарли эътибор берилмаётганлиги баён қилинган.

Мақола эълон қилингач, бугун, 4 июнь куни 295-мактабда ижобий ўзгаришлар рўй берган. Бу ҳақда мактаб ўқитувчиси Соҳиба Салимова QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда маълум қилди. 

“Эрталабдан мактабимизга Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида вакиллар келди. Ҳокимият мактаб ҳудудини ободонлаштириш учун 50 нафар ҳашарчиларни мактабимизга жалб қилди. Бугун ўқитувчилар ўзининг ўқув-тарбиявий ишлари билан машғул. Мутасаддилар томонидан ўқувчи ва ўқитувчилар учун қулай шарт-шароит яратилиши маълум қилинди. Мактабимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланадиган бўлди. Бунинг учун QALAMPIR.UZ таҳририятига миннатдорлик билдирамиз.” 

Мазкур ҳолат юзасидан, биз Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Анвар Умаров билан боғландик. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда вазирлик томонидан мазкур мактаб ҳар томонлама ўрганилмоқда ва албатта, хулосасига қараб, мактаб учун зарур бўлган чора-тадбирлар кўрилади. 

Кўриб турганигиздек, Учтепа туманида жойлашган 295-мактабдаги камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмоқда. Журналистнинг бирор бир камчилик ёки хатони танқид қилишидан мақсад ҳам аслида шу эмасми? Аслида ҳеч бир журналист ёки таҳририят ҳеч кимни шахсий ғаразлик йўлида танқид қилмайди. Бунга ҳаққи ҳам йўқ. Бизнинг мақсадимиз ягона: ҳаётимизда учраётган хато ва камчиликларни холислик билан ёритиш ва халқ дардини мутасаддиларга етказиш. Зеро, бундан ҳам халққа, ҳам давлатга фойда. Шу ўринда ҳар бир мутасаддидан ўз камчиликларини ўз вақтида тан олиш ва уларни бартараф этиш йўлида, бугунгидек тезкор йўл тутилишини истаган бўлардик.

Зарнигор Абдумаликова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг