Тошкентда маданий мерос объекти бўлган бино сотувга қўйилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида жойлашган “Шарқ” ҳамда ЎзА бинолари ягона мулкий мажмуа сифатида савдога чиқарилган эди. Маданий мерос агентлиги ушбу объектларни аукцион савдоларидан олиб ташлаш юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигига огоҳлантириш берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Миробод тумани Буюк Турон кўчаси 41-уй манзилида жойлашган бинолар (“Шарқ” нашриёти матбаа корхонаси АЖ бинолари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига маданий мерос объекти сифатида киритилган.

Объект 1979-1983 йилларда қурилган жами 14 та бино, 2 та бино қисми ҳамда 5 та иншоотдан иборат бўлиб, умумий майдони 60 минг метр квадратдан зиёдни ташкил этади.

Маълум қилинишича, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

“Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасига асосан моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан хиёбонлар ва ботаника боғлари хусусийлаштирилмайдиган давлат мулклари этиб қайд этилган”, дейилади агентлик хабарида.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Маданий мерос агентлиги томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ушбу маданий мерос объектини аукцион савдоларидан олиб ташлаш юзасидан 21 сентябрь куни огоҳлантириш берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент маданий мерос

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг