Энди товуқ, қуён ва балиқ маҳсулотлари экспорти учун Президент ва Ҳукумат рухсати талаб этилмайди
Жамият
−
28 Май 2019
4963Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 майдаги “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:
Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га қарор иловасидаги рўйхатга мувофиқ маҳсулотларни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми жорий қилинди;
Белгиланишича, ушбу бандда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чораси қўшни давлатларга экспорт қилинадиган маҳсулотларга татбиқ этилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)ни, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида ҳисобот даври якуни бўйича тайёр маҳсулот экспорти улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга уларнинг аризаларига кўра экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, бутловчи буюмлар ва материаллар импортида қўшилган қиймат солиғи тўлашни божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб 120 кунга кечиктириш имконияти берилади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда экспорт қилувчи корхоналарга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш имкониятини бериш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
2019 йил 1 июндан бошлаб тирик ҳолдаги товуқ, қуён ва балиқ ҳамда уларни сўйиб ишланган маҳсулотлар экспорти учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди!
2019 йил 1 августга қадар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва Агентлик маблағлари ҳисобидан ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг интерактив шаклда тақдим этилишини, шунингдек, давлат тили, рус тили ва бошқа хорижий тилларда батафсил маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлайдиган, электрон савдо майдончалари ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграциялашган Ташқи иқтисодий маълумотлар портали ишга туширилади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати маълум қилди.
LiveБарчаси