Судья, бош ҳисобчи, бош инспектор ҳамда бош муҳандис ўринбосари пора билан ушланди

3-саҳифа

image

Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларида судья, бош ҳисобчи, бош инспектор, бош муҳандис ўринбосари пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё филиали бош муҳандиси ўринбосари пахта-тўқимачилик кластерига тегишли бўлган 21 та сув насос қудуқларини электр тармоқларига улаш учун “техник шарт” бериш эвазига 7 минг АҚШ доллари талаб қилган. У жорий йилнинг январь ойида 3 минг АҚШ доллари олади. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, бош муҳандис ўринбосари қолган 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Таъкидлаш лозимки, мазкур мансабдор шахс муқаддам Жиноят Кодексининг 205 ва 209-моддалари билан судланган бўлса-да, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Жиззах вилояти “Тоза ҳудуд” ДУК бош ҳисобчиси улгуржи савдо билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбарига нисбатан судда кўрилаётган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб бериш, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган. Афсуски, мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланганига қарамасдан, қайта жиноятга қўл урган.

Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциациясининг Навоий вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди судьяси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Нурота туманида яшовчи фуқаронинг муқаддам бухоролик харидорларга сотган 250 бош қўйларининг пуллари берилмаётгани юзасидан қилган мурожаатини ижобий ҳал этиб бериш эвазига 1 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағи ҳисобидан 500 АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм олган вақтида ушланган.

Миллий Гвардиянинг Сирдарё вилоят Қўриқлаш бошқармаси хизматни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бош инспектори эса Боёвут туманида яшовчи фуқарони Қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари сўраган. У 1500 АҚШ доллари олади. 

Лекин, у сўралган пулнинг қолган 1500 АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Гулистон ҳарбий прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Судья бош ҳисобчи бош инспектор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made