Мирзиёев Туркманистонга боради

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Республикасига ташрифига таёргарлик кўриляпти. Бу ҳақда кеча, 16 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ашхобод шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан учрашувда таъкидлаб ўтилди. 

Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги мунтазам алоқалар давомида эришилган келишувларни амалий тадбиқ этиш нуқтайи назаридан икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилдилар.

Вазирлар Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг барча долзарб масалалари бўйича икки мамлакат мавқелари яқинлиги ва мос келишини мамнуният билан қайд етдилар. Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва фаровонликни таъминлаш, минтақанинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий ва илмий марказлардан бири сифатидаги тарихий ролини тиклаш бўйича вазифалар атрофида жамланганлиги таъкидланди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдилар.

Учрашувда минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, шу жумладан тўғридан-тўғри Тошкент-Aшхобод ҳаво йўлини тиклаш, икки мамлакатнинг вилоят марказлари ўртасида автобус қатновини йўлга қўйиш ва фуқароларнинг ўзаро ташрифлари тартибини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маслаҳатлашувлар якунига кўра вазирлар Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзоладилар.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон Мирзиёев

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг